Минтақавий Осиё чемпионатида 8 нафар шахматчимиз етакчилар қаторида

111

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида ФИДЕнинг 34-минтақавий Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.

Ортда қолган 2-тур ўйинларидан сўнг эркаклар ўртасидаги мусобақаларда 13 нафар иштирокчи 2 очко билан етакчилик қилаётган бўлса, 17 нафар шахматчи 1,5 очко билан пешқадамликка даъвогарларни тақиб этмоқда.

Айтиш лозим, эркаклар мусобақасида қатнашаётган 87 нафар шахматчи орасида Ўзбекистон терма жамоасининг 14 нафар аъзосидан 5 нафари – Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуратов, Алмас Раҳматуллаев ва Асроржон Омонов ҳисобида 2 очко мавжуд.

Аёллар мусобақасида қатнашаётган 44 нафар иштирокчининг 9 нафари 2 очко билан пешқадамлик қилаётган вазиятда ҳамюртларимиз Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова ва Нодира Нодиржонова ҳам юз фоизлик имконият билан ғолиблик йўлидаги курашни давом эттирмоқда.

Бугун, 4 апрель куни мукофот жамғармаси 20 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон шахматчилари қатнашаётган чемпионат жаҳон кубогига саралаш вазифасини ўтайди. Унда энг яхши натижага эришган 7 нафар иштирокчи жаҳон кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Т.Рўзиев, ЎзА