Трамп тарифлари қайси давлатларга дахл қилади?

Трамп дунёнинг барча давлатларидан АҚШга кириб келадиган товарларга алоҳида тариф жорий этилишини эълон қилди. Тегишли рўйхатдан Жанубий Кавказ, Марказий Осиё, Яқин Шарқ минтақаларидаги давлатлар ҳам четда қолмади.
Ўзбекистон, Озарбайжон, Украина, Грузия, Арманистон, Туркия,Туркманистон, Эрон, Буюк Британия, БАА, Миср, Саудия Арабистони, Қатар ва Яманга энг кам – 10 фоизлик тариф белгиланди. Исроил – 17, Қозоғистон – 27, Хитой – 34, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Иордания – 20, Тайвань – 32, Сурия – 41, Ироқ – 39 фоиз бож билан «жазоланади».
АҚШ Молия вазирлиги Россияни бу қаторга қўшмаган, чунки санкция туфайли бу икки давлат ўртасидаги савдо аллақачон тўхтаган.
Мазкур янги қоида жаҳон бозорига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Дунё биржаларида савдо очилгач, Америка, Европа ва Осиё қимматли қоғозлари нархи кескин пасая бошлади. CNN телеканали аниқлик киритишича, “Apple”, “Nike”ва “Ralph Lauren” компаниялари акцияси етказиб бериш занжирига таҳдид туфайли жиддий зарар кўрган.
“The Guardian” нашри маълумотига кўра, «Apple» ҳамда «Nvidia» 470 миллиард доллар йўқотган, АҚШ валютаси қиймати 2,2 фоиз тушган. «Nasdaq» компанияси биржа савдоси ҳам 4,5 фоиз пастлаган. Шунингдек, “S&P 500” 3,4, “Dow” 2,7 фоиз арзонлашди.
Трамп қарори “мазаси”ни Европа компаниялари ҳам сеза бошлади: STOXX-600 индекси 2,57, DAX 3 фоиз йўқотди. Осиёда эса Япониядаги «Nikkei» қийматининг 2,77, Гонконгнинг «Hang Seng» индекси 1,52 фоизидан ажралди.
С.Раҳимов, ЎзА