Руминиялик дзюдо мутахассиси Ўзбекистонда иш бошлади

Дзюдо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига руминиялик Аурелиан-Чиприан Флис бош мураббий этиб тайинланди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабарига кўра, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғини давомида ўсмирлар терма жамоаси аъзолари билан учрашувда руминиялик мутахассис янги бош мураббий сифатида таништирилди.

44 ёшни қарши олаётган Флис мураббийлик фаолияти давомида Руминия, Озарбайжон ва Малта давлатларида фаолият юритган. Дунёга машҳур “Kodokan Institute Japan” аъзоси, қора белбоғ 5-ДАН соҳиби ҳисобланади.
Унинг мураббийлигида малталик Катрина Эспосито -48 килограмм вазнда «Париж-2024» Олимпия ўйинларида иштирок этган.
Аурелиан-Чиприан Флис ўсмирлар терма жамоасидаги фаолияти билан параллель равишда қизлар жамоаси машғулотларини ташкил этишда координатор сифатида ҳам иш олиб бориши назарда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Деновда давом этаётган ўқув-машғулот йиғинидан сўнг ўсмир дзюдочиларимиз жорий йилнинг 12-13-апрель кунлари Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида ўтадиган “European Cup-2025” турнирида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА