Жаҳон кубоги: ҳозирча 4 нафар боксчимиз финалга йўл олди

116

Бразилияда бокс бўйича “World Boxing” ташкилоти томонидан ўтказилаётган жаҳон кубогида ярим финал беллашувлари ўтказилмоқда. Қувонарлиси, ушбу босқичнинг дастлабкисида 5 нафар чарм қўлқоп устамиз рингга кўтарилди.

Вазни -90 кг. бўлган боксчилар ўртасида кечган ярим финал баҳсида Тўрабек Ҳабибуллаев 5:0 ҳисобида ҳиндистонлик Вишални мағлубиятга учратган бўлса, -50 кг. вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Асилбек Жалилов бошқа бир ҳиндистонлик боксчи Жадумани Манденгбамни 3:2 ҳисобида енгди.

Шунингдек, Фазлиддин Эркинбоев -75 кг. вазнда польшалик Михал Ярлинскини 4:1, Жаҳонгир Зокиров +90 кг. вазн тоифасида қозоғистонлик Даниял Сапарбайни 5:0 ҳисобида таслим қилган ҳолда сўнгги ҳал қилувчи финал йўлланмасини қўлга киритди. Афсуски, вазни -60 кг бўлган Мадияр Данияров мезбон Луиз Оливейрага қарши баҳсда мағлубиятга учради ва бронза медали билан тақдирланди.

Мусобақада ярим финал беллашувлари давом этмоқда. Бугун ушбу босқичда 3 нафар боксчимиз рингга кўтарилади.

-55 кг: Миразизбек Мирзахалилов – Жосе Фелипе (Гватемала) 03:15;

-80 кг: Жавоҳир Умматалиев – Диас Молжигитов (Қозоғистон) 04:00

-85 кг: Акмалжон Исроилов – Якуб Страшевски (Польша) 04:45

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА