Трамп 2028 йил ҳам президентликка номзодини қўйиши мумкин

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчиси Борис Эпштейн қонунни ўрганиб чиқиб, Америка етакчиси 2028 йил яна давлат раҳбарлигига номзодини илгари суриш йўлини топиши мумкинлигини истисно этмади. Бу ҳақда “Wall Street Journal” манбаларга таяниб ёзган.
Оқ уйнинг алоқалар бўйича директори Стивен Чунг учинчи муддат ҳақида “ўйлашга ҳали эрта”лигини таъкидлаганди. Бошқа бир манба Трамп “оммавий ахборот воситаларини ақлдан оздириш” учун учинчи муддат ҳақида гапирганини иддао қилган. Етакчининг ўзи аввалроқ Конституцияда чеклов мавжуд бўлса-да, учинчи муддатга сайланиш имконияти истисно эмаслигини айтган. Бинобарин, асосий Қонунда бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ олий лавозимни эгаллаши тақиқланган.
Трамп оралиқ билан иккинчи муддатга сайланган иккинчи Президент, бироқ Гровер Кливленд (22 ва 24-сайланган раҳбар) даврида Конституциянинг 22-тузатиши ҳали мавжуд эмас эди. Яъни, муддат чегараси қонунда мустаҳкамланмаган бўлса-да, айтилмаган келишув эди. 1951 йил Франклин Рузвельт ўзининг тўртинчи муддати бошида вафот этгач, конституция ўзгариши қабул қилинган.