Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда энг муҳим ҳужжат

9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси П.Айтниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурорининг ўринбосари Е.Қайипбергенов, Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси С.Давлетмуратов ҳамда университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирни университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Турдимамбетов олиб борди.
Тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ҳақида кенг маълумот бериб, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-сиёсий ривожланишида Конституциянинг асосий принциплари, яъни, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси, адолат ва эркинликнинг таъминланиши муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Конституция давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилаб берувчи ҳуқуқий асосдир. Бевосита ушбу ҳужжат орқали мамлакатимизда барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, эркинлиги ва адолатли жамият барпо этиш мақсадлари амалга оширилмоқда.
Мамлакатнинг асосий қонуни, айниқса, демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш йўлида, фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Конституциянинг халқаро стандартларга мувофиқлиги ва унинг барча фуқароларни тенг ҳуқуқли қилишга, барча соҳаларда адолатни таъминлашга қаратилган принциплари бугунги кунда мамлакатни барқарор ривожлантиришга имкон яратмоқда.
Тадбирда, Конституция барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратишда, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим роль ўйнагани таъкидланди.
Таъкидланганидек, ушбу тадбирни ташкил этишдан мақсад нафақат Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллигини нишонлаш, балки унинг мазмуни ва тамойилларини кенгроқ тушунтириш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида янада кўпроқ ишлар қилишга ундашдир.
Тадбирда, Конституциянинг қабул қилинган кунини ҳар йили кенг нишонлаш, айниқса, ёшларимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий ўсишига хизмат қиладиган муҳим ҳужжат сифатида янада кенг тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди.






Албатта, юртимизда рўй бераётган янгиланишлар, демократик ва ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги барча ютуқларимизнинг барчаси Конституцияда белгиланган тамойилларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши билан боғлиқ.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги