Институт касаба уюшмаси беш йилда қандай тадбирларни амалга оширган?

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти касаба уюшмаси қўмитасининг 2020-2024 йилларда амалга оширган ишлари бўйича ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси Р.Абдураҳмонов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташкилий бўлими бошлиғи Г.Илмурадова, институт ректори Қ.Қодиров, шунингдек, проректорлар, институт факультетлари, кафедралар ва бўлимлардан делегатлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларнинг қўлга киритган ютуқлари, илмий-ижодий ишлари, тасвирий ва ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси билан танишиб, институтда ташкил этилган Ажиниёз музейини томоша қилди.
Конференция кун тартибига мувофиқ, дастлаб институт касаба уюшмаси қўмитаси томонидан қайд этилган йиллар давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида касаба уюшмаси қўмитаси раиси Караматдин Гулимбетовнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда институтнинг касаба уюшмаси қўмитаси аъзолари 17 мингдан ортиқ бўлиб, ходимлар ва талаба-ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича самарали ишлар олиб борилди.
Ўтган 5 йиллик давр мобайнида Ижтимоий суғурта ҳисобидан 67 нафар ходимга санаторийларга йўлланмалар учун 236 миллион 437 минг сўм маблағ ажратилган бўлса, институт касаба уюшмаси бюджети ҳисобидан 140 нафар ходимга соғлиғини тиклаши учун жами 491 миллион 934 минг сўмлик йўлланма берилди.
2020-2024 йиллар оралиғида институтда ишлайдиган ходимларнинг фарзандлари учун ёзги дам олиш марказларига жами 48 та йўлланма берилиб, 59 125 200 сўм миқдорида маблағ сарфланди.
Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан уларнинг оилавий шароитларини ҳисобга олган ҳолда 556 кишига 376 342 796 сўм миқдорида моддий ёрдамлар берилди.
Ўтган давр мобайнида ички туризмни ривожлантириш мақсадида институтнинг профессор-ўқитувчилари ва техник ходимлари учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Бойсун шаҳарларига, шунингдек, маҳаллий Мўйноқ, Тахтакўпир, Элликқалъа, Беруний туманларига саёҳатлар ташкил этилди ва 583 нафар ходимга 438 350 000 сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Муваффақиятга эришган ёшлар ва профессор-ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда байрам саналари муносабати билан рағбатлантириш мақсадида 362 нафар ходимга 253 804 000 сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Институтда ўтказиладиган турли интеллектуал, инновацион, маънавий-маърифий йўналишдаги танловлар учун 1 816 728 980 сўм, спорт ва соғломлаштириш бўйича мусобақалар ва тадбирлар учун 642 738 000 сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Институт ректорати билан тузилган жамоавий шартнома асосида ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида бериш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги масалаларини йўлга қўйиш, талабаларнинг ўқиш шароитларини яхшилаш ва стипендияларини бериш ишлари ўз вақтида ва тўлиқ шаклда назоратга олиниб, тегишли тартибда ишлар олиб борилди.
Институт касаба уюшмаси қўмитаси ўтган давр мобайнида соҳа ходимлари ва талабаларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам қатор ишларни амалга оширди.
Буларнинг натижасида ўтган йили 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ўтказилган «Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик бўйича жамоавий назоратни ташкил этиш» республика танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида институт Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси соҳасида «Энг яхши корхона» номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Конференцияда сўзга чиққан мутасаддилар ва делегатлар институт касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 2020-2024 йиллар оралиғида амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди.
Тадбир доирасида институт касаба уюшмаси қўмитаси раисини сайлаш ва унинг таркибини тасдиқлаш бўйича масала ҳам кўриб чиқилди.
Конференцияда делегатлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан Караматдин Гулимбетов институт касаба уюшмаси қўмитаси раиси лавозимига сайланди.
Тадбирда институт ректори Қ.Қодиров сўзга чиқиб, касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтди ва келгуси ишларига муваффақиятлар тилади.









Конференция якунида касаба уюшмаси қўмитасининг фаол аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги