Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида устувор вазифалар белгиланди

Амударё тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ж.Атаев, туман ҳокими С.Хўжаметов, туман Прокуратураси, Ички ишлар бўлими масъуллари, ҳоким ўринбосарлари, бўлимлар, ташкилотлар раҳбарлари ва «Маҳалла еттилиги» масъуллари иштирок этди, – деб маълум қилади Амударё тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
– Бугунги кунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликни тугатиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга масъул органларга муҳим вазифалар юкланган ва бу борадаги ислоҳотларнинг ижросини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деб таъкидлади туман ҳокими С.Хўжаметов ўз сўзида.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ж.Атаев сўзга чиқиб, юқоридаги Президент қарори билан белгилаб берилган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасидаги устувор вазифалар ҳақида айтиб ўтди.
Ўтган йили жиноят содир этилган ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва жиноятларнинг барвақт олдини олишнинг маҳаллалар кесимида ҳар чораклик манзилли чора-тадбирларини белгилаган ҳолда маҳалла – туман – вилоят даражасида унинг ижроси учун бевосита масъул раҳбарлар бириктирилгани ва аниқ соҳавий жавобгарлик юклангани қайд этилди.

Йиғилиш давомида аҳолининг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни ҳал этишга жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва маҳалла фаолларини кенг жалб этиб бориш, маҳаллаларнинг жамоат жойлари ва турар жойларида хавфсиз муҳит яратиш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мулкига нисбатан ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий рақамли технологиялар ва техник воситаларни кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги