Мақсад – ҳамкорлик, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш

186

 

Хўжайли туманида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида Бухоро вилоятидан малакали мутахассислар жалб этилди.

Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли даволаш-профилактика муассасаларининг етук мутахассислари жорий ҳафтада Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмасида тиббий кўрикларни амалга оширмоқда.

Хусусан, 24 нафар шифокор ва 6 нафар бош ҳамширадан иборат гуруҳ туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг 3-филиалида ўз фаолиятини бошлади.

Тиббий кўриклар ва мобил хизматлар ташкил этилиб, мутахассислар томонидан аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида мобил офталмологик поликлиника, «Ўпка саломатлиги» мобил автомашинаси, шунингдек, УЗИ, ЭКГ ва лаборатория текширувлари ташкил этилди.

Шифокорлар 3 та ишчи гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳ 14 нафар мутахассисдан иборат бўлиб, 670 кишини тиббий кўрикдан ўтказди. Улардан 187 нафар фуқарога амбулатор шароитда, 77 нафар фуқарога туман шифохонасида стационар шароитда даволаниш учун тавсиялар берилди. Шунингдек, 5 нафар бемор жарроҳлик амалиётига юборилди.

Иккинчи гуруҳ (6 нафар бош ҳамшира) соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш бўйича тарғибот ишларини олиб борди. Ушбу гуруҳ аҳоли орасига кириб, хонадонларда тиббий маслаҳатлар берди.

Учинчи гуруҳ вилоятдаги энг тажрибали 6 нафар жарроҳ-мутахассисдан иборат бўлиб, улар томонидан туман марказий шифохонасида жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Ушбу тиббий ташриф давомида маҳаллий аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар аниқланиб, уларнинг самарали даволаниши учун барча шароитлар яратилди. Шу билан бирга, Бухоро вилояти мутахассисларининг тажрибаси Хўжайли туманидаги тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Бундай қўшма лойиҳалар келгусида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган бўлиб, аҳолининг тиббий хизматдан розилиги ва саломатлигини яхшилаш мақсад қилинган.






Бухоролик шифокорларнинг Хўжайли туманидаги тиббий фаолияти давом этмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги