Қонунчиликда сунъий интеллектни қўллаш мумкинми?

ХХI аср – бутун дунёда жамият ва давлат ҳаётини рақамлаштириш асри бўлди. Айниқса, бутун дунёни ларзага солган “Covid-19” пандемияси барчамизга ушбу пандемия билан курашиш билан бирга, фойдаланишимиз мумкин бўлган барча соҳаларни тезкорлик билан рақамлаштиришни талаб этди.
БМТнинг 2018 йилги Янги технологияларни қўллаш бўйича Стратегиясида рақамли технологиялар ижтимоий, маданий ва сиёсий ҳаётнинг барча соҳалари ажралмас қисмига айланаётгани ҳамда янги технологияларни қўллашда умумэътироф этилган халқаро ҳужжатлар билан бирга асосий қадриятлар ҳисобланган “тенглик”, “адолат” тамойилларига асосланиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаш лозимки, замонавий технологик тараққиёт тенденцияси бутун дунё бўйлаб инсоният учун янги имкониятлар билан бирга ўзига хос муаммоларни яратмоқда.
Норма ижодкорлиги фаолиятига замонавий технологияларнинг кенг жорий этилиши орқали “қоғозбозлик”, “бюрократия” ва коррупциянинг олди олинмоқда. Яъни, “ҳужжатлар ҳаракатланиши” принципига риоя этган ҳолда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва идоралараро келишиш масалалари “инсон омили”сиз фақатгина ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда.
Қонунчиликни ишлаб чиқишда “очиқлик” ва “шаффофлик” принциплари таъминланиб, аҳолининг қабул қилинаётган қонунчиликдан хабардорлиги тизими яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, норма ижодкорлиги жараёни босқичларини электрон шаклга ўтказишни назарда тутувчи электрон норма ижодкорлиги тизимини ривожлантириш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, 2021 йил 17 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маълумотларни қайта ишлашда давлат органларининг самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2024- йил 15 февралдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган “Қонун ижодкорлиги фаолияти бўйича Дастур”да қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнига оид муайян техник босқичларни соддалаштиришда, шу жумладан, қонунчилик техникаси талабларига мослаштириш электрон дастур имкониятларидан фойдаланишни йўлга қўйиш мазкур дастурнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Технологиялар орқали давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолияти мониторинг қилиниб, соҳада “қонунийлик” принципи таъминланмоқда. Яъни, норма ижодкорлиги субъектлари томонидан қонунчиликка риоя етган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш масалаларини тўлиқ назорат қилиш имконияти яратилади.
Таъкидлаш лозимки, норма ижодкорлиги фаолиятини рақамлаштириш бир нечта замонавий тенденцияларни вужудга келтирмоқда. Хусусан, “рақамли қонун”, “норма ижодкорлигида сунъий интеллект”, “рақамли экспертиза”, “қонунчилик техникаси дастурлари” каби йўналишлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш фаолиятини янада замонавий қиёфага эга бўлаётганидан дарак бермоқда.
Бугунги кунда инсоният фаолиятининг қисқаришига сабаб бўлаётган замонавий технологиялардан бири бўлган “сунъий интеллект” жамиятнинг барча соҳаларига яшин тезлигида кириб келмоқда.
Сунъий интеллект – бу ўз муҳитини сезиш ва мақсадларига муваффақиятли эришиш имкониятларини максимал даражада ошириш учун чоралар кўриш, маълумотларни ўрганиш ва ривожланиш жараёнида мослашадиган тарзда шарҳлаш ва таҳлил қилиш қобилиятига эга тизим бўлиб, унинг ҳақиқий қиймати фақат амалдаги маълумотларни тақдим этганда амалга оширилиши мумкин.
Давлатларнинг сунъий интеллект тизимларидан бир томонлама фойдаланиши, албатта, яқин ўн йилликларда дипломатия ва халқаро музокаралар табиатини ўзгартиришда муҳим рол ўйнайди. Масалан, 2018 йилда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги стратегик қарорларни қабул қилишни қўллаб-қувватлаш тизими сифатида сунъий интеллект тизимидан фойдаланишни бошлади, бу ўз дипломатларига хавфларни баҳолаш дастури хил имкониятлар ва ёрдам тақдим этди.
Давлат идораларида иш юкламасининг тобора ошиб бориши ўз навбатида норма ижодкорлиги субъектлари томонидан қонунчилик ҳужжатларини ҳам ишлаб чиқиш фаолиятида ҳам “сунъий интеллект”дан фойдаланишга зарурият туғдирмоқда.
Асосий масала, “сунъий интеллект”ни норма ижодкорлигининг айнан қайси босқичида фойдаланишдадир?
Норма ижодкорлиги фаолияти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳасини ишлаб чиқиш, жамоатчилик муҳокамаси, идоралараро келишув, экспертизадан ўтказиш ва лойиҳани қабул қилиш босқичларини қамраб олади.
Бизнингча, қонунчиликнинг муҳим босқичи ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни экспертизадан ўтказиш босқичларида “сунъий интеллект”дан фойдаланиб бўлмайди.
Яъни, нормалар ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ва ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарувчи воситалар ҳисобланганлиги сабабли, бундай тусдаги муҳим ҳужжатни технологияга ишониб бўлмайди.
Бизнингча, “сунъий интеллект”дан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш жараёнини соддалаштиришда қўллаш мумкин. Масалан, қонунчилик билан ишлаш муддатларни белгилаш ва риоя этилишини назорат қилишда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда имловий ва техник хатоларни топишда, таржима қилинган лойиҳа матнлари ўртасида тафовутларни аниқлашда, лойиҳа матнларини қонунчилик техникаси талабларига мувофиқлаштиришда “сунъий интеллект”дан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, сунъий интеллектни норма ижодкорлиги фаолиятининг қуйидаги босқичларида қўллаш мақсадга мувофиқ:
– норма ижодкорлиги фаолиятига оид техник тартиб-таомиллар, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларни техник жиҳатдан расмийлаштириш ва қонунчилик техникасига мувофиқлаштириш, расмий эълон қилишнинг муайян босқичларида сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш;
– норма ижодкорлиги фаолиятини мониторинг қилиш, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган талабларига риоя этилишини назорат қилишда;
– норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасида билдирилган фикр-мулоҳазаларни умумлаштириш ва лойиҳа ишлаб чиқувчига тақдим этиш;
– норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари матнларида имловий ва техник хатоларни топиб, тўғрилашда;
– норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси матнларини таржима қилиш ва таржима қилинган матнлар ўртасида тафовутларни аниқлашда.
Азизжон Хўжаназаров,
Тошкент давлат юридик университети доценти.