Аҳоли томорқаси ва ижара асосида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

165

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ: 

Аҳоли томорқаси ва ижара асосида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;

Аҳоли томорқаси ва ижара асосида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этишни мувофиқлаштириш бўйича республика штаби таркиби ва ҳудудий штабларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.

Қарорга кўра, аҳоли томорқаларининг ер майдонларини хатловдан ўтказиш ва уларда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисобини юритиш “Online mahalla” электрон платформасида деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасидаги мавжуд ер майдонлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида онлайн режимда шакллантиради. 2025 йил 1 июнга қадар аҳоли томорқаларининг ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилишини якунланиб, уларнинг алоҳида ҳисоби юритилиши йўлга қўйилади.

Икки ой муддатда аҳоли томорқаси ва ижара асосида ажратилган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисобини юритиш учун “Online mahalla” платформасида маълумотлар базаси яратилади ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари томонидан тизимли равишда маълумотлар янгиланиб, мониторинг қилиб борилади.

Маҳаллаларнинг муайян турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашувини чуқурлаштириш йўналишида дастлабки босқичда 100 та намунали маҳалла, келгусида уларнинг сонини 500 тага етказиш бўйича режа-график тасдиқланди.

Намунали маҳаллалар жойлашадиган туман (шаҳар)лардаги аҳоли томорқалари ва ижарага берилган ер майдонларининг 75 фоизи босқичма-босқич бир хил турдаги юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш учун қамраб олинади.

2025 йил 20 апрелга қадар аҳоли томорқаси ва ижара асосида ажратилган ер майдонларида етакчи тадбиркорлар ёрдамида юқори даромадли, сифатли уруғ ва кўчатларни тизимли етказиб бериш, экиш ва ҳар бир томорқадан самарали фойдаланиш ташкил этилади.

2025 йил 1 майга қадар халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлар ва кредитлари ҳисобидан маҳаллаларда амалга ошириладиган “яшил” ва ресурс тежамкор лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.

Сув таъминоти оғир бўлган 874 та маҳаллада суғориш тармоқларини яхшилаш орқали аҳоли томорқаларида ихтисослашув асосида маҳсулот етиштириш ташкил этилади. “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида енгил конструкцияли иссиқхона, интенсив боғ, токзор, анорзор, гулчилик ва кўчатчилик плантацияларини яратиш ҳамда резавор мева етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар доирасида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек, ҳар бир гектар ер майдонидан камида 100 млн сўм даромад олиш, аҳолига босқичма-босқич ижарага берилган жами 150 минг гектар ер майдонларида бир хил турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилади.

ЎзА