Буюк Британия, Франция ва Украина ҳарбий вакиллари учрашади

Буюк Британия, Франция ва Украина давлатлари мудофаа тизими раҳбарияти яқин кунларда ўзаро келишувни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказади, деб хабар тарқатди «Даунинг-стрит» душанба куни Бош вазир Кир Стармер ва Президент Владимир Зеленскийнинг навбатдаги суҳбатидан сўнг.
Президент Эммануэль Макрон 27 март куни бўлиб ўтган “хоҳловчилар коалицияси” Париж саммити якуни бўйича уюшманинг бир неча вакили Украинага “тийиб турувчи кучлар” юбориши режалаштирилаётганини айтганди. Франция етакчиси таъкидлашича, мазкур Франко-Британия ташаббуси Украина қўшини ўрнини босмайди, тинчликпарвар тузилма ҳам ҳисобланмайди. Қарордан кўзланган мақсад Россияни тийиш. Ёрдамчи куч Украинанинг аввалдан белгиланган стратегик ҳудудларига жойлаштирилади.
Макрон ташаббусга ҳамма рози эмаслигини ҳам тан олган.
– Яқин кунларда уч давлат ҳарбий раҳбарларининг учрашуви батафсил режалаштиришнинг навбатдаги босқичига ўтади, – дейилган Британия ҳукумати веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.
Ўз навбатида Зеленский идораси сайти ўз аскарларини беришга тайёр мамлакатлар бош штаб вакиллари учрашуви ҳафта охирида Украинада ўтиши ҳақида ёзди.
С.Раҳимов, ЎзА