Жаҳон кубоги боксчиларимиз ғалабаси билан бошланди
101

Бразилияда бокс бўйича “World Boxing” ташкилоти томонидан ўтказилаётган жаҳон кубогида уч нафар боксчимиз муваффақиятли старт олди. Дунёнинг 19 давлатидан келган 130 дан ортиқ боксчилар иштирокида ўтаётган мазкур кубок беллашувларининг биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар вакили илк жангини ўтказди.

Аниқроғи, вазни -55 кг. бўлган Миразизбек Мирзахалилов швециялик Небил Ибраҳимни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, Иқболжон Холдоров -70 кг вазндаги илк жангида польшалик Дамиан Дуркачга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Шунингдек, Жавоҳир Умматалиев вазни -80 кг бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасида ўтаётган беллашувларда италиялик Алфред Коммей устидан ғалаба қозонди.
Мусобақанинг иккинчи кунида яна уч нафар боксчимиз рингга кўтарилади. Уларнинг рақиблари билан танишинг:
-50 кг. Асилбек Жалилов – Нурзат Онгаров (Қозоғистон);
-60 кг. Мадияр Данияров – Мишель Балдасси (Италия);
-85 кг. Акмалжон Исроилов -Леонид Бериша (Швейцария)
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА