“Tesla” электромобиллари нега ёниб кетмоқда?

97

Сўнгги пайтларда америкалик миллиардер Илон Маскнинг электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Tesla” брендли машиналари билан боғлиқ қизиқ воқеалар кузатилмоқда. Хорижнинг турли нашрларида “Tesla” автомобиллари ёниб кетгани ёки қасддан ёқиб юборилгани қабилидаги хабарлар тарқалмоқда. Италиянинг “Adnkronos” ахборот агентлиги маълум қилишича, кеча тунда Рим шаҳри чеккасида жойлашган автосалонда содир бўлган йирик ёнғин 17 та “Tesla” автомобилини йўқ қилган.

“Corriere della Sera” газетасининг ёзишича, ёнғинда тўққизта автомобиль бутунлай ёниб кетган, яна 15 та машина жиддий зарар кўрган. Айни пайтда воқеа жойида ўт ўчирувчилардан ташқари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам ишламоқда.

Тергов ҳар қандай эҳтимолни, жумладан, қасддан ўт қўйишни ҳам инкор этмайди. Текширув давомида мутахассислар видеокузатув камераларидаги ёзувларни ўрганишлари ва автосалон эгалари билан суҳбат ўтказишлари керак бўлади.

Ўтган ҳафтада худди шундай воқеа Францияда содир бўлди. “FrancePress” агентлиги полициядаги манбага таяниб ёзишича, номаълум шахслар мамлакат жануби-шарқидаги супермаркетлардан бирининг автотураргоҳидаги 12 та “Tesla” қувватлантириш шохобчаларига ўт қўйган.

Полиция суриштирув ишларини бошлаган, бироқ ҳозирча ҳибсга олинганлар йўқ, дейилади хабарда.

Аввалроқ АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари “Tesla” дилерлик марказлари, автомобиллари ва қувватлаш станцияларига ҳужум қилинган 48 та ҳолат ҳақида маълумот олгани маълум бўлган эди.

Жорий йилнинг 29 март куни ҳам Германия шимолида еттита “Tesla” автомобили ёниб кетди. Воқеа ўлка шимолидаги Оттерсберг шаҳрида компания салони яқинида содир бўлган.

Январь ойида эса Лас-Вегасдаги “Trump Towers” ёнида “Tesla Cybertruck” аланга ичида қолди. Америкалик тадбиркор ушбу воқеа ҳақида гапирар экан, компания раҳбарияти воқеани текшираётганини маълум қилди.

– Бирор маълумот топсак, матбуотда эълон қиламиз. Биз ҳеч қачон бунақасини кўрмаганмиз, – деб ёзди Маск ўшанда ижтимоий тармоқ орқали.

Айрим манбалар қайд этишича, ҳужумлар “Tesla” эгаси Илон Маскнинг АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ташкил этган Самарали давлат бошқаруви департаменти (DOGE) га раҳбарлиги билан боғлиқ фаолияти натижаси экани ҳақида ёзишмоқда.

Дональд Трамп “Tesla” автомашинасига ҳужум уюштирганлар террорчилар эканлигини айтган, аммо ушбу ҳужумлар ортида унинг сиёсий рақиблари турганини ҳам инкор этмаган.

С.Раҳимов, ЎзА