Мьянма ва Таиландда зилзила қурбонлари сони 150 дан ошди

112

Мьянма ва Таиландда кучли зилзила натижасида бинолар вайрон бўлди, инфратузилмага жиддий зарар етди, 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Мьянманинг давлатга қарашли MRTV телеканали жума куни камида 144 киши ҳалок бўлгани, 732 киши жабрланганини маълум қилди. Таиланд пойтахти Бангкокда камида тўққиз киши ҳалок бўлди, дея хабар берди маҳаллий ҳукумат.

Мьянманинг қадимий пойтахти Мандалай яқинида соат 12:50 да 7,7 магнитудали офат қайд этилган. АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотига кўра, дастлабки силкинишдан кейин, бир неча дақиқа ўтиб 6,4 магнитудали зилзила содир бўлган. Ҳозирги пойтахт Нейпьидода олинган суратларда ҳукумат ходимлари яшаган кўплаб уйлар вайрон бўлгани,  қутқарувчилар вайрона остидан одамларни олиб чиқаётгани акс этган.

Мьянма ҳарбий раҳбари қурбонлар сони ортиши кутилаётганини тан олди.

Таиланд пойтахтидаги Чатучак бозори яқинида қурилаётган 33 қаватли бино қулаб тушиб, атрофни чанг булути қоплаган. Ижтимоий тармоқда тарқаган видео лавҳада оломон қичқириғи эшитилади, югураётган кишиларни кўриш мумкин.

Бангкок губернатори ўринбосари Тавид Камолвежга иқтибос келтирган ҳолда, «Reuters» ахборот агентлиги бино қулаши оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлганини ёзди. Мудофаа вазири Пумтам Вечаячай айтишича, камида 90 киши бедарак йўқолган.

Мьянма ҳарбий ҳукумати олти вилоят ва штат, жумладан Нейпьидо ва Мандалайда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Таиланд Бош вазири Пэтонгтарн Чинават ҳам мамлакатда шундай вазият жорий этди. Айни пайт мэрия Бангкокни табиий офат зонаси сифатида баҳолаган. Шаҳар темир йўл тизими вақтинча фаолиятини тўхтатди. Ҳаракат ва хизмат кўрсатиш шанба куни тикланиши кутиляпти.

Ер ости силкиниши Хитойнинг Юньнань ва Сичуань провинцияларида ҳам сезилган.Табиий офат Мьянма шимоли билан чегарадош Жуйли шаҳридаги уйларга шикаст етказган, деб ёзган Хитой ОАВ.

М.Пирматова, ЎзА