Нукусда Халқлар дўстлиги байрами ўтказилди

174

Нукус шаҳридаги “Дўстлик” канали бўйидаги майдонда Халқлар дўстлиги байрами ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни юртимизда янада кенг тарзда давом этаётган “Наврўз” айёми, муборак Рамазон ҳайити ҳамда аҳиллик, дўстлик байрами билан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугун мамлакатимиз бўйлаб миллатлараро муносабатлар ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштирган қўшни мамлакатларнинг халқларини биродарликнинг ўзига хос ришталари боғлаб туради.

Бугунги кунда халқлар ўртасидаги дўстлик алоқалари, самарали, ўзаро манфаатли ҳамкорлик минтақада тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб келмоқда. Узоқ йиллар ёнма-ён яшаган, қуда-анда бўлиб кетган халқлар ўртасидаги алоқалар деярли тўхтаб қолган, чегаралар беркилган вақтлар ҳам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қўшни давлатлар билан чегаралар очилганда қанча одамлар қувончи ичига сиғмай йиғлаган, давлатимиз раҳбарини алқаб дуо қилганди.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари иштирокида тарихда илк бор бўлиб ўтаётган уч томонлама саммит мамлакатларимиз ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Бу қувончли хабарни уч мамлакат халқлари катта хурсандчилик билан кутиб олмоқда.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 1,5 мингга ортиқ қирғиз ва 400 га яқин тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар бошқа миллат ва элатларнинг вакиллари сингари, бир оиладек тинч-тотув истиқомат қилиб келмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистонда Ўзбекистон рус миллий маданий марказининг Қорақалпоғистон бўлими, “Славутич” украин миллий маданий марказининг Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Қозоқ миллий-маданий маркази ва унинг Қўнғирот тумани бўлими, Қорақалпоғистон Туркман миллий маданий маркази ва Қорақалпоғистон Корейслар уюшмаси фаолият юритмоқда. Бугунги кунда, миллий-маданий марказлар билан ҳамкорликда таълим, фан, маданият, спорт ва туризм соҳаларида турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва кўргазмалар ташкил этилмоқда.

Яшариш ва янгиланиш фаслининг шукуҳи давом этаётган айни кунларда барча ҳудудларда, қўшни давлатлар билан чегарадош маҳаллаларда халқ сайллари бўлиб ўтмоқда. Турли миллат ва элатларнинг вакиллари билан биргаликда ўтказилаётган ушбу тадбирлар дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дўстлик байрами доирасида турли миллат вакиллари иштирокида “Дўстлик боғи” барпо этилиб, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этувчи қўшиқлар ижро қилинди. Шунингдек, амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари, китоблар кўргазмалари ташкил этилиб, миллий ўйинлар ва турли танловлар иштирокчилар ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА