Чорвачилик: муаммолар ечими соҳа ривожига хизмат қилади

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талаба-ёшлар иштирок этиб, соҳанинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Тадбирда чорвачилик тармоқларини янада ривожлантиришда илмий тадқиқот ишларини жорий этиш самарадорлиги, яйловлардан оқилона фойдаланиш ва чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, ветеринария тадқиқотларининг чорвачилик ривожланишига таъсири каби асосий йўналишлар муҳокама қилинди.

– Тадбирда профессор-ўқитувчилар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар томонидан тақдим этилган илмий изланишлар билан танишиш имконияти яратилди. Айниқса, яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш ва ветеринария тадқиқотларининг чорвачилик ривожланишига таъсири каби долзарб масалалар бўйича илгари сурилган илмий ечимлар ниҳоятда қизиқарли ва амалий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу конференция нафақат соҳа мутахассисларини бирлаштириш, балки янги илмий ҳамкорлик ва инновацион ёндашувларни жорий этиш учун ҳам муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Ишончим комилки, бу каби илмий анжуманлар чорвачилик тармоғининг янада ривожланишига, замонавий илм-фан ютуқларининг амалиётга жорий этилишига ва соҳа олдидаги долзарб муаммоларга самарали ечим топишга ката ҳисса қўшади, –дейди Тошкент давлат аграр университети профессори М.Дўсмуҳамедова.


Тадбир доирасида илғор тажрибалар алмашилди, инновацион ёндашувлар таклиф этилди ва соҳанинг келгуси ривожи учун илмий асосланган стратегиялар белгиланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.