Театр замон билан ҳамқадам бўлмоғи лозим

Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг барча соҳалардаги юз бераётган ўзгаришлар республика театрларида ҳам ўзини намоён этмоқда.
Мустақилликнинг илк йилида Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрига буюк сўз заргари, мумтоз шоир Бердақ номи берилди. Санъатни, жумладан, театрлар фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларини, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда сўзлаган нутқида ижодкор зиёлиларга, театрларга кўрсатилаётган ғамхўрликларни алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Буюк Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Театр – бу ибратхонадир” деган фикрини эслаш ўринлидир, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри адабий бўлими мудири Гавҳар Раҳмонова. – Бизнинг миллий санъатимиз тарихда жуда катта йўлни босиб ўтиб, унинг қадимий илдизлари халқ ўйин ва томошаларига бориб боғланади. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга келиб, миллий театр санъати мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида шаклланган, даврлар синовидан ўтиб келаётган анъана ва тажрибалар асосида янгидан пайдо бўлди ва камол топди. Жумладан, пойтахтда, вилоят театрларида қўйилаётган жаҳон саҳна санъатининг мумтоз намуналари ўз вақтида нафақат юртимиз, балки хорижлик томошабинларни ҳам ҳайратга солгани бу фикрни тасдиқлайди. Шу билан бирга, театр ижодкорлари томонидан яратилган кўплаб миллий руҳдаги саҳна асарлари хорижда ҳам муваффақиятли ижро этилмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жамоаси ҳам кўрсатилаётган ғамхўрликлардан тўғри фойдаланиб, халқимизнинг кўнглидан чиқадиган, бугунги кун талабига жавоб берадиган спектаклларни саҳналаштириб келмоқда. Театр репертуаридан тарихий жанрлардаги, ватанпарварлик мавзусидаги, халқлар дўстлиги, бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббат, инсонни қадрлаш ғоялари билан йўғрилган спектакллар ўрин олган. Театр янги даврда кенг имкониятларга эга бўлиб, азалий анъаналарини давом эттирмоқда. Миллий драматурглар асарлари билан бир қаторда қардош халқлар тилидан таржима қилинган асарларни саҳналаштирмоқда. Миллий операга эга бўлган санъатимиз энди жаҳон классик операларини қорақалпоқ томошабинларига тақдим этмоқда.
Театр жамоаси томонидан бугунги кунга қадар 8 та опера, 4та балет, 104 та мусиқали драма, 232 та драма асари саҳналаштирилди. Айни кунларда Марқабой Жийемуратовнинг “Макарья сулув” ҳамда Қурбанбой Заретдиновнинг “Назлумхон сулув” балетларига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистонда ягона симфоник оркестр ўзининг асосий вазифаси – спектакллар ижро этиш билан бирга, доимо халқимиз орасида, айниқса, ёшларимизни жаҳон классик мусиқаси орқали маънавий тарбиялаш мақсадида маърузалар, тематик концертлар, учрашувлар ва бошқа тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. “Мусиқа оламига саёҳат” номли концерт дастури билан республиканинг барча болалар мусиқа ва санъат мактабларида, умумтаълим мактабларида ёшларимиз учун мусиқа тинглаш, чолғу асбоблари ва мусиқа жанрлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Театр ҳар доим замон билан ҳамнафас қадам ташлаб келади. Одамларнинг ташвиши, муаммоси, унга қандай ечим топиш керак деган саволларга жавобни саҳнада кўрсатиб келяпти. Бугун жаҳон муаммосига айланган одам савдоси, диний экстремизм, терроризм иллатлари ва уларга қарши кураш, ота-она қадри, инсонларнинг ички ҳис-туйғулари каби психологизмга тўла асарлари халқимиз меҳрини қозонди.
Театр жамоасининг ютуқлари ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланиб келинмоқда. Ҳар йили ижодкор ходимларнинг бир гуруҳи Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мукофотларига сазовор бўлмоқда. Театр жамоаси бундан буён ҳам эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлари, изланишларини муваффақиятли давом эттириб, халқимизга янгидан-янги чуқур мазмунли асарлар тақдим этишда фидойилик билан меҳнат қилишда одимлайверади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.