Кураш: Осиё ўйинларини бошқарадиган ҳакамлар Тошкентда сараланади

Айни кунларда дунёнинг кўплаб давлатлари қатори мамлакатимиз спортчилари, спорт жамоалари 2026 йил Японияда бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Айтиш лозим, “кичик олимпиада” ўйинлари дастуридан ўрин олган миллий спортимиз кураш мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш, унинг техник вакиллари билим даражасини бойитиш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири саналади.
Шу мақсадда, Халқаро кураш ассоциацияси Халқаро кураш институти, дахлдор ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда «ROAD TO ASIAN GAMES 2026» дастурини эълон қилди.
Жорий йилнинг 7–13 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган халқаро семинар ва имтиҳонлар кураш бўйича малакали ҳакамлар ва техник расмийларни саралаб олишга қаратилган.

Осиё қитъасининг турли давлатларидан кураш мутахассислари қатнашадиган мазкур семинар давомидаги амалий ва назарий машғулотлар давомида 2026 йилги Осиё ўйинларида кураш баҳсларини бошқарадиган энг тажрибали ҳакамлар саралаб олинади.
Семинар иштирокчилари саралашда инглиз тилини билиши, кураш мусобақаларида ҳакамлик ёки спорт тадбирларини ташкил этиш бўйича тажрибага эгалиги муҳим аҳамият касб этади.

Семинар якунида иштирокчилар назарий ва амалий имтиҳон топширади. Синовдан муваффақиятли ўтганлар халқаро сертификатга эга бўлиб, келажакдаги йирик мусобақаларда расмий ҳакам сифатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу нафақат кураш спорти бўйича профессионал ўсиш, балки халқаро миқёсда ўз ўрнини топиш учун катта имконият майдонидир.
Халқаро кураш ассоциацияси матбуот хизмати хабарига кўра, семинарда иштирок этиш истагини билдирган мутахассислардан аризалар жорий йил 18 апрелга қадар қабул қилинади.
Т.Рўзиев,
ЎзА