Туркия ўзининг саноат тажрибасини туркий давлатлар билан бўлишишга тайёр

205

Туркия стратегик ҳамкорлари билан биргаликда Европа, Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги ривожланиш ва савдо алоқаларига ҳисса қўшадиган транспорт ва логистика коридорларини ишга туширишни режалаштирмоқда, деб ёзди “АЗЕРТАЖ” ахборот агентлиги. Бу Ироқнинг Басраси орқали ўтадиган коридорга, шунингдек, Каспий денгизи ва Зангезор орқали ўтадиган йўлга ҳам тегишли.

Мақолада таъкидланишича, бу ҳақда Туркия президентиРежеп Таййип Эрдоған Анқарада мамлакатнинг 2030-йилгача мўлжалланган саноат ва технологик стратегияси тақдимотида айтиб ўтган.

Эрдоған ўз нутқида Туркия ўзининг тўпланган саноат тажрибасини туркий давлатлар, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари билан бўлишишга тайёр эканини билдирган.  Бу эса ушбу мамлакатларнинг иқтисодий ва илмий тадқиқот салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлат етакчиси Туркияда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини берувчи саноат экотизимининг шаклланишига умид билдирган.

– Мақсадимиз Туркияда технологик мустақилликка эришишдир, -деган у. – Биз замонавий технологияларни ривожлантириш, шунингдек, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш тарафдоримиз.

Эрдоған Туркия ўтган 23 йил давомида мамлакатни халқаро майдонда кучлар мувозанатига таъсир этувчи омиллардан бирига айлантириб, жиддий ютуқларга эришганига эътибор қаратди. Туркия раҳбари бу борадаги ютуқлар қаторида “KAAN” бешинчи авлод маҳаллий ҳарбий самолёти, “TOGG” электромобили, шунингдек, бутловчи қисмларининг 80 фоиздан ортиғи Туркияда ишлаб чиқилган “TÜRKSAT 6A” телекоммуникация сунъий йўлдоши лойиҳасини санаб ўтган.

С.Раҳимов, ЎзА