“Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси ўтказилди (+видео)
Ўзбекистон Нотариал палатаси “Юксалиш” умуммилий ҳаракати билан ҳамкорликда беш йилдан буён республика миқёсида “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” бепул акциясини ўтказиб келмоқда
Ушбу акция доирасида нотариуслар томонидан аҳолига бепул маслаҳатлар берилиши анъанага айланган. Бундай тадбир бу йил ҳам 26-27 март кунлари республиканинг барча шаҳар ва туманларидаги нотариусларда ўтказилиши белгиланган.
Нукус шаҳридаги нотариуслар биносида навбатдаги бепул ҳуқуқий акцияси ташкил этилди. Тадбирни ўтказишдан мақсад фуқароларнинг ҳуқуқий билими, маданиятини ошириш, аҳоли билан ўзаро мулоқот механизмларини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган фикр-мулоҳазаларни тайёрлашдан иборатдир.
Акция давомида нотариуслар томонидан фуқароларга нотариал ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Хусусан, нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар, Нотариал идораларда нотариал иш юритиш қоидалари ҳамда “E-notarius.uz” ахборот портали ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Акция доирасида фуқароларга оила ҳуқуқи, мулк ва номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида, шунингдек, мерос, никоҳ, ҳадя, ижара, мулк олди-сотди шартномалари, мерос васиятномалари ва бошқа турли муаммоли масалалар бўйича тушунтиришлар берилиб, юридик ёрдамлар кўрсатилди.
– Нукус шаҳридаги уйимни сотаётган эдим. Нотариусга келганимда қандай ҳужжатлар кераклиги, олди-сотди шартномасини расмийлаштириш тартиби бўйича тушунчаларга эга бўлдим. Ташрифимиз бепул акцияга тўғри келганидан хурсандман, – дейди фуқаро Г.Шаназарова.
Тадбир давомида фуқаролар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА