Стартаплар ва IT соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирининг ўринбосари Ираклий Надареишвили раҳбарлигидаги делегация Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Грузия ва Ўзбекистон ўртасида рақамли технологиялар, стартаплар ва IT соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастлаб, IT Park фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Тақдимотда IT Parkнинг инфратузилмавий имкониятлари, стартапларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, маҳаллий ва халқаро IT компаниялари учун яратилган қулайликлар, шунингдек, солиқ имтиёзлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, IT хизматлари экспортини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳам муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида делегация Ягона интегратор – UZINFOCOMдаги шароитлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. UZINFOCOM томонидан меҳмонларга рақамли ҳукумат, давлат хизматларини рақамлаштириш ва киберхавфсизлик, сунъий интеллект йўналишларидаги инновацион ечимлар бўйича тақдимот ўтказилди.
Ташриф давомида Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаров ва Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирининг ўринбосари Ираклий Надареишвили ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда рақамли иқтисодиёт ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, стартап экотизимини ривожлантириш, унинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш ва ҳамкорликдаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида венчур фондлар ташкил этиш ва улар орқали инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам фикрлар алмашилди.
Томонлар IT соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, стартаплар учун қулай муҳит яратиш ва венчур сармояларни жалб қилиш бўйича қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш таклифларини илгари сурди.
Н.Раҳмонова, ЎзА