Талабдан келиб чиқиб, янги ўқув курслари ва дастурлари жорий этилади

320

Қорақалпоғистон тиббиёт институтида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилиб, унда институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчи О.Халимов, ўқув ишлари бўйича проректори М.Қурбаназаров, Шифокорлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўлими декани А.Матниязовалар томонидан институтнинг ўқув жараёнидаги янгиликлари, келажакдаги режалари ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, айни пайтда институтда замонавий ўқув дастурларига асосан, талабаларга замонавий тиббий билимларни ўргатиш учун энг сўнгги технологиялар ва ўқув методикаларидан фойдаланилмоқда. Ўқув жараёнларини таълимнинг глобал стандартларига мослаштириш учун чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.

Тиббиёт ва фармацевтика соҳаси бўйича таълим ва илмий ишларни янада ривожлантириш, давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар асосида олий тиббий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш, жумладан, ўқув дастурларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан интеграциялаш, ўқув дастурларини тузишда иш берувчи корхоналар вакилларини жалб этиш, талабаларнинг ўқишида амалиётининг улушини кўпайтириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, малака талаблари асосида ўқув дастурларининг институт томонидан тузилиши, талабалар томонидан танланган фанларнинг киритилиши ва ўқув дастурлари ҳар йили янгиланиб, амалиётдаги янгиликларни жорий этиб борилиши бунга мисол бўла олади. Ўқув жараёнининг амалиёт дарсларида замонавий ўқитиш усулларидан фойдаланиш, замонавий муляж, симуляторларда амалий кўникмаларни ўзлаштириш амалга оширилади.

– Масалан, Япония давлатининг JICA, Германиянинг GIZ фондлари, Жанубий Корея давлатидан олиб келинган лаборатория ускуналари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли қарори асосида олиб келинган ўқув лаборатория ускуналари талабаларнинг амалий тайёргарлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга,-дейди М.Қурбаназаров.

Институтимизда тажрибали ва юқори малакага эга профессор-ўқитувчилар фаолият олиб боради. Уларнинг аксарияти халқаро миқёсда тажрибага эга бўлиб, талабаларимиз билан ўз билимларини ўртоқлашмоқда. Таълим жараёнида ўқитувчи педагогларнинг бундай билими, тажрибаси муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, республика, хорижий илмий-амалий конференцияларда иштирок этиш орқали тажриба алмашиш, хорижий мутахассисларни маърузалар, маҳорат дарслари ўтказишга жалб этиш йўлга қўйилган бўлиб, институтимизда Австрия давлатининг Вена университети, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети, Жанубий Кореянинг Корё университетларидан мутахассислар маъруза дарсларини ўтмоқда.

Институтимизда 2900 га яқин талаба таҳсил олмоқда. Амалий кўникмаларини ошириш мақсадида ҳудуддаги йирик тиббиёт муассасаларида уларнинг амалиёт ўташи таъминланмоқда. Бу амалиётлар нафақат ўқув жараёнини самарали қилиш, балки тиббиёт соҳасида бўлажак раҳбар ва мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилмоқда. Талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув амалиётидан ташқари ёзги ишлаб чиқариш амалиёти ҳам жорий этилган.

Ҳозирги вақтда 15 дан ортиқ давлатнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик бўйича шартномаларимиз бор.

Келгусида тиббиёт соҳаси талабларига мувофиқ янги ўқув курслари ва дастурларини жорий этишни режалаштирмоқдамиз. Айниқса, онлайн таълим ва масофавий ўқитиш тизимларини кенгайтириш режалаштирилган. Келгусида дунёнинг ТОП-300 га кирувчи олий ўқув юртларининг ўқув дастурлари билан мувофиқлаштириш, илғор тажрибаларни жорий этиб бориш кўзда тутилган. Келгусида биз ўз институтимизни тиббиёт соҳасидаги энг етакчи ўқув юртларидан бирига айлантиришни мақсад қилганмиз.

Матбуот анжуманида иштирокчилар ўқишга киришда квоталар сонини кўпайтириш масалалари, давлат гранти орқали ҳамда шартнома асосида ўқиётган талабаларнинг янги тизим бўйича билимларини баҳолашда таниш-билишчилик каби учраши мумкин бўлган ҳолатлар, даволаш муассасаларида шифокор мутахассисларнинг етишмаслиги, чет эллардаги ёки қўшни вилоятлардаги абитуриентларнинг бу ерга келиб ўқишга қизиқиши ва бошқа масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.






А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги