Хотин-қизларни ҳимоя қилиш йўлидаги ташаббуслар

305

Ўзбекистон “Адолат” СДП ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Биз зўравонликка қаршимиз!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш билан бирга тазйиқ ва зўравонликдан асраш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ишлар, партиянинг бу йўналишдаги амалий таклиф ва ташаббуслари хусусида сўз борди.

Қайд этилганидек, партия хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида муҳим таклифларни илгари суриб, салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, партиянинг “Бир “адолатчи” — юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашилмоқда. Айниқса, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш, муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган қатор лойилар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

Тадбирда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳам сўзга чиқиб, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларга ҳимоя ордери бериш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Қайд этилганидек, ички ишлар органлари билан ҳамкорликда зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш ва тезкор чора кўриш тизими, хотин-қизлар учун махсус ҳимоя марказлари, “Ишонч телефонлари” ва 24/7 тизимида ишлайдиган ёрдам платформалари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, зўравонликка қарши психологик таълим ва маслаҳат хизматларини кенгайтириш, ёшлар учун хавфсиз муносабатлар ва стресс-бардошлик бўйича тренинглар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

М.Комилова, ЎзА