Деҳқон ва боғбонларнинг тажрибаси орттирилмоқда

Чимбой туманидаги Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида «Орол денгизи минтақасида ҳаво, ер ва сув ресурсларини инновацион бошқариш орқали маҳаллий ҳамкорларнинг билимини ошириш» мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ўқув семинарида Тошкент ирригация институти доценти, техника фанлари номзоди А.Каримов, Тупроқшунослик институти лаборатория мудири, профессор Р.Курбантаев ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси, география фанлари номзоди О.Султашова, «Инновацион-идеас» МЧЖ раҳбари Г.Джуманиязова, Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти олимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўқув-семинар давомида «Суғориладиган ерларнинг агрофизик хусусиятларининг ҳолати», «Шўрланган тупроқларнинг биологик фаоллиги ва тупроқларнинг унумдорлигини оширишдаги аҳамияти» мавзусидаги маърузалар тингланди.

– Ушбу тадбирда ерлардан самарали фойдаланиш бўйича мутахассислардан маслаҳатлар олиб, ўзларимизни қизиқтириб юрган масалалар бўйича маълумотлар олдик,-дейди Қизилўзак овул фуқаролар йиғинида яшовчи Каримбой Пиржанов.
Семинар якунида тупроқ қатлами, унумдорлиги, эрозияси, шўрланиши ва тупроқдаги органик углероднинг роли ҳамда сув сифатини мониторинг қилиш тизимини ўрнатиш орқали сув ресурсларини оқилона бошқариш бўйича олимлар томонидан қатор тавсиялар берилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси