Фан олимпиадасининг якуний босқичи давом этмоқда (видео)

175

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 29 январдаги “2024 – 2025-ўқув йилида умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида асосий олимпиаданинг IV республика босқичини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2025 йил 11 февралдаги мажлис протоколи асосида физика, биология, кимё фанларидан олимпиаданинг IV (республика) босқичи Нукус шаҳрида ўтказилмоқда.

Асосий фан олимпиадасининг Ўзбекистон Республикаси босқичини юқори даражада ўтказиш бўйича пухта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Мазкур фан олимпиадасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва 12 та вилоятдан жами 127 нафар ўқувчи, табиий фанлар йўналиши бўйича Ал-Хоразмий олимпиадасига 84 нафар ўқувчи, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 14 нафар масъул ходим, ўқувчиларнинг билимини баҳолаш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 24 нафар ҳакам ўқитувчилар иштирок этмоқда.

Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган ўқувчилар ва уларга бириктирилган масъул ходимларнинг олимпиада ўтказиладиган жойга келиб-кетишини, олимпиада иштирокчиларининг тарихий жойларга саёҳатини ташкил этиш учун барча қулайликларга эга автобуслар ажратилиб, республика таълим марказининг фан методистлари бириктирилди.

Олимпиада жараёни Нукус шаҳридаги 53-сонли умумтаълим мактабининг спорт залида ўтказилган бўлиб, барча ота-оналар ва ўқитувчиларнинг жараённи ижтимоий тармоқларда жонли кузатиб бориш учун Youtube каналида тўғридан-тўғри онлайн узатиб борилиши таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарори асосида асосий фан олимпиадасининг тўртинчи босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчига – базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баравари, яъни 4 миллион 500 минг сўм, 2-ўринни эгаллаган ўқувчига – базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари, яъни 3 миллион сўм, 3-ўринни эгаллаган ўқувчига – базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари, яъни 2  миллион 250 минг сўм миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланган.

Асосий фан олимпиадасининг якуний босқичи юқори савияда давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат+видео), ЎзА