Европа қўшничилик кенгаши билан ҳамкорлик йўлга қўйилди

159

Европа Иттифоқи – Марказий Осиё таҳлил марказлари форуми доирасида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов ва Европа қўшничилик кенгаши (ENC) директори Самуэль Довери Вестербай ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад икки тадқиқот муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ЕИ ва Марказий Осиё муносабатларининг муҳим жиҳатларини муҳокама қилиш ҳамда эксперт мулоқоти янги шаклларини излашдан иборат.

Муҳокама давомида жаноб Вестербай мазкур форум фикр алмашиш, билим ва илғор таҳлилий тадқиқотлар билан бўлишиш учун доимий платформа сифатида муҳимлигини таъкидлади. Таҳлил марказлари ўртасидаги институционал алоқани мустаҳкамлаш минтақавий жараёнлар ҳақида аниқроқ тушунчага эга бўлишга кўмаклашиши, долзарб масалалар бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беришини қайд этди.

Томонлар таҳлилий мулоқот кўламини кенгайтириш, изланишларни мувофиқлаштириб бориш, шерикликнинг янги механизмларини жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Ўзаро тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, форум, семинар, давра суҳбатлари ташкил этишга келишилди. Тадбирлар минтақалараро ҳамкорлик, барқарор ривожланиш, иқтисодий интеграция, хавфсизлик каби устувор йўналишларга қаратилади.

Учрашув якунида МОХИ ва ENC ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат узоқ муддатли ва экспертлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратади. Ушбу меморандум амалий ташаббусларни фаол илгари суриш, ЕИ – МО мулоқотини қўллаб-қувватлашга ўзаро интилишни акс эттиради.

Ҳар икки томон экспертлар даражасидаги шерикликни давом эттириш, минтақалараро алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёрликларини билдирдилар. Меморандум доирасида режалаштирилган тадбирлар ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, стратегик масалаларни ҳал этишда экспертлар иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА