Белбоғли кураш бўйича мамлакат чемпионатидан фоторепортаж

153

Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Мазкур чемпионат Чирчиқ шаҳрининг  90 йиллигига бағишланган бўлиб, унинг доирасида шаҳар ҳокими кубоги учун ҳам беллашувлар ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жам бўлган 400 нафардан ортиқ ёш полвон белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишларида чемпионлик учун куч синашмоқда.

Кеча чемпионатнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов, Паркент тумани ҳокими, Тошкент вилояти белбоғли кураш федерацияси раиси Сардор Исақулов, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси президенти Мўмин Муратов ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов сўзга чиқиб, мамлакатимизда спортга кўрсатилаётган эътибор, жаҳон ареналарида спортчиларимиз эришаётган ютуқлар ҳақида гапирди. Шундан сўнг, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров бир гуруҳ фахрий меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди.

Маросим сўнггида бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган рақс ва куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига завқ-шавқ улашди.

Шу куннинг ўзида, Чирчиқ шаҳар ҳокими кубоги учун беллашувларида ғолиб аниқланди. Унга кўра, 50 кг. вазн тоифасида мезбон спортчи Отабек Шавкатов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Чирчиқ шаҳар ҳокими кубогини қўлга киритди.

Турли вазн тоифаларида ғолиб ва совриндор бўлган бир гуруҳ спортчиларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

Мусобақа давом этмоқда.

Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА