“ЖЧ-2026”: Осиё қитъасида қайси терма жамоалар мундиалга яқин?

154

Футбол бўйича Осиё қитъасида Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг учта гуруҳида 8-тур учрашувлари бўлиб ўтди.

“А” гуруҳидан ўрин олган Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари баҳси 2:2 ҳисобида якунланди. Шунингдек, бу гуруҳда Қирғизистон ўз майдонида Қатарни 3:1 ҳисобида енгган бўлса, КХДР ва БАА терма жамоалари баҳси 1:2 ҳисобида ўз якунига етди.

Қайд этилган натижалардан сўнг, “А” гуруҳида Эрон 20 очко жамғариб, биринчи ўринда қолди ва ушбу терма жамоа муддатидан аввал жаҳон чемпионатига йўл олди. Ўзбекистон термаси эса 17 очко жамғариб, иккинчи поғонадаги ўрнини янада мустаҳкамлади. БАА сафардаги ғалаба эвазига 13 очко билан учинчи ўринга жойлашди. Қатар термаси 10 очко билан, Қирғизистон эса 6 очко билан 4-5-ўринлардан силжимади. КХДР ҳамон 2 очко билан сўнгги поғонада бормоқда.

Дарвоқе, “We Global Football” нашри “ЖЧ-2026” саралаш баҳсларининг 8-туридан сўнг янгиланган рейтингни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг 3-саралашда йўлланмани қўлга киритиши 96 фоиз деб кўрсатилди. Ўтган турда бу рақам 92 фоизни ташкил қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 9-турда БАА билан сафарда ўйин ўтказади. 5 июнь куни ўтиши режалаштирилган ўйинда ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба ёки дуранг футболчиларимизни Жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Агар кутилмаганда мағлуб бўлсак, гуруҳдаги сўнгги учрашувда, аниқроғи 10 июнь куни Қатарга қарши Тошкентда ўтадиган ўйинда катта ҳисобда ғалаба қозонишимиз керак бўлади. БАА эса ўша куни сафарда Қирғизистон билан рақобатлашади.

Умид қиламизки, ҳаммаси БАА термасига қарши ўтадиган ўйинда ижобий ҳал этилади ва футболимиз тарихида яна бир қувончли натижа зарҳал ҳарфлар билан ёзилади.

“B” гуруҳидан ўрин олган Жанубий Корея – Иордания учрашуви 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги ўтган 3 та тур мобайнида кореялик футболчилар 1:1 ҳисобидаги натижани қайд этмоқда. Агар улар ушбу беллашувларда зафар қучганларида мазкур турга келиб, Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланган бўлар эди. Бироқ футболда кутилмаган вазиятлар кўп бўлади ва шу сабабли ҳам бу спорт тури дунё мухлисларининг энг севимли спорти.

Дарвоқе, ушбу турда Фаластин 2:1 ҳисобида Ироқни таслим қилди. Кувайт эса ўз майдонида Ўмонга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

Мазкур натижалардан сўнг, Жанубий Корея 16 очко жамғариб, гуруҳда ҳамон етакчилик қилаётир. Иордания 13 очко билан иккинчи, Ироқ эса 12 очко тўплаган ҳолда кучли учликни якунлаб бермоқда. Ўмон термаси 10 очкога эга бўлган ҳолда ҳамон Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини сақлаб қолган бўлса, Фаластин 6 очко билан плей-офф йўлланмаси учун курашмоқда. Ўтган 8 турда бор-йўғи 5 очкога эга бўлган Кувайт аутсайдер бўлиб турибди.

Саралашнинг “С” гуруҳида ўтган турдаёқ мундиал йўлланмасини нақд қилган Япония терма жамоаси Саудия Арабистони билан нурсиз дурангга имзо чекди. Хитой 0:2 ҳисобида Австралияга таслим бўлди. Индонезия 1:0 ҳисобида Баҳрайн устидан зафар қучди.

Ушбу гуруҳда 9-тур олдидан Япония йигирма очкони қўлга киритди ва саралаш баҳслари якунига қадар биринчи ўрнини мустаҳкамлаб олди. 13 очко билан иккинчи ўринда бораётган Австралия термасини Саудия Арабистони 10 очко билан таъқиб қилмоқда. Улар ортидан Индонезия 9 очко билан одимлаётган бўлса, Баҳрайн ва Хитой 6 очко билан 5-6 ўринлардан жой олган.

Эслатиб ўтамиз, саралаш баҳсларининг 9-тур учрашувлари 5 июнь куни бўлиб ўтади. Унда БАА – Ўзбекистон, Қатар – Эрон, КХДР – Қирғизистон, Кувайт – Фаластин, Ўмон – Иордания, Ироқ – Жанубий Корея, Австралия – Япония, Баҳрайн – Саудия Арабистони, Индонезия – Хитой терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.

Дарвоқе, 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида бўлиб ўтади. Ушбу мундиалда иштирок этадиган еттита жамоа номи аниқланди. Жумладан, АҚШ, Канада, Мексика мезбон сифатида иштирок этиши барчага маълум бўлган. Саралаш баҳсларидан эса Япония, Янги Зеландия, Эрон ва Аргентина дунё биринчилигига муддатидан аввал йўл олди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА