Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида таълим, фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов билан учрашув ўтказди.
Мазкур учрашувда икки давлат ўртасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди. Томонлар таълим соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

Мулоқот давомида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари юзасидан фикр алмашилиб, ўтган давр мобайнида қатор амалий ишлар қилингани эътироф этилди.
Жумладан, Ўзбекистон томони қирғизистонлик талабалар учун 100 та давлат грантини ажратган бўлиб, ҳозирги кунда 360 нафар қирғизистонлик талаба Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамда Қирғизистон илмий муассасалари билан ҳамкорликда сув ресурсларини бошқариш бўйича илмий грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳар икки мамлакатда олий таълим муассасалари ректорларининг форуми ўтказилиб, ўтган йилларда 90 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
Бундан ташқари, томонлар паломник туризмини ривожлантириш мақсадида илмий-тадқиқот маркази ташкил этиш, шунингдек, барқарор энергетика бўйича Фарғона давлат техника университети ва Қирғизистон университетлари билан микроГЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга келишди.
Учрашув якунида мазкур ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА