Қурилаётган ҳеч бир бино эътиборсиз қолмаслиги керак

305

Қарор ва ижро

Жорий йилнинг 26 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов бошчилигида республикамизда қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 февралдаги 110-сонли қарори ижросини таъминлаш ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда туман (шаҳар) ҳокимларининг қурилиш ва иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Ички ишлар, Адлия вазирлиги ва уларнинг туман (шаҳар) таркибий бўлимлари, Қурилиш вазирлиги ва туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари, Кадастр агентлиги ва Кадастрлар палатаси, «Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази» МЧЖ бошқармаси, коммунал соҳа вакиллари ва ноқонуний мулк эгалари иштирок этди.

Хабарингиз бор, шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартиб-тамойилларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартиб-тамойилларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 февралдаги 110-сонли қарори қабул қилиниб, ушбу қарор асосида ноқонуний қурилган иншоотларни белгиланган тартибда Қурилиш назорати инспекциясидан рўйхатдан ўтказиш муддатлари узайтирилган.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жасур Жабборов мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, унинг ижроси ва ижросида юзага келаётган хато-камчиликлар ҳақида маълумотлар бериб, фикр-мулоҳазалар билдирди.






Таъкидланганидек, 2024 йил 23 сентябрда қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан қурилиш ишларини бошлаш, объект тоифасига асосан қурилиш жараёнларини тизимли назорат қилинмаётгани ва бунинг оқибатида объектларда тартибсиз қурилиш ишлари тизимли тус олгани ва бу ҳолат фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, қурилиш ишларини амалга оширишда бюрократик тўсиқлар ва коррупцияга чек қўйиш бўйича 2025 йил 1 ноябрга қадар Инспекциянинг мавжуд куч воситалари ва имкониятларини сафарбар қилиш ҳақида топшириқлар берилган.

Ушбу топшириқларга асосан ҳудудий инспекциялар томонидан тизимли ўрганишлар ташкил этилиб, жорий йилнинг 18 март ҳолатига Республикада жами 3143 та объект ҳудудий инспекциялардан рўйхатдан ўтмасдан, қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилганлиги аниқланди.

Юқорида қайд этилган 3143 та ноқонуний объектнинг 128 таси Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келмоқда. Шундан 112 таси тадбиркорлик объектлари (савдо-маиший хизмат кўрсатиш, офис, меҳмонхона, ишлаб чиқариш ва бошқалар), учтаси саноат зоналарида жойлашган объектлар, кўп қаватли турар жой бинолари, шунингдек, учтаси хусусий турар жой биноларидир.

Ноқонуний ва тартибсиз қурилишларнинг тобора ортиб боришига бир томондан маҳаллий ҳокимликлар, Қурилиш бошқармалари, туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари ва маҳаллалар томонидан ноқонуний қурилмаларга нисбатан ўз ваколати доирасида муросасиз кураш олиб борилмаётганлиги ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан январь-март ойида аниқланган ноқонуний қурилишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Нукус шаҳри бўйича 37 та, Амударё тумани бўйича 19 та, Беруний тумани бўйича 7 та, Чимбой тумани бўйича 5 та, Элликқалъа тумани бўйича 11 та, Кегейли тумани бўйича 4 та, Мўйноқ тумани бўйича 1 та, Қонликўл тумани бўйича 5 та, Қораўзак тумани бўйича 3 та, Қўнғирот тумани бўйича 5 та, Шуманай тумани бўйича 9 та, Тахиатош тумани бўйича 1 та, Тахтакўпир тумани бўйича 1 та, Тўрткўл тумани бўйича 7 та, Хўжайли тумани бўйича 6 та ноқонуний қурилиш объектлари аниқланган.

– Ҳудудий инспекциялардан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан бошланган, ноқонуний қурилиш ишлари объект эгаларига кўплаб муаммо ва моддий зарарлар келтириб, ушбу объектга эгалик қилиш ва объектни бошқариш имкониятини йўққа чиқаради. Бундай ҳолатлар тадбиркорларга қўшимча муаммони, харажатларни келтириб чиқаради. Қурилган объектнинг катталигига қараб, бу суммалар катталашиб боради, – дейди Ж.Жабборов. – Туман (шаҳар) ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари ва бошқа масъуллар қисқа муддатда ноқонуний объектларни легаллаштириш чораларини кўриши зарур.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 февралдаги 110-сонли қарорига асосан ноқонуний объектларни ҳудудий назорат инспекциялари рўйхатидан ўтказиш учун рухсатнома бериш тартиб-тамойиллари тўғрисида тушунтиришлар берилиб, хато-камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш, келгусида қилинадиган ишлар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги