Газ таъминоти: Суюлтирилган газ етказиб беришда тўсиқ йўқ

274

Республикамизнинг барча хўжаликларини, ҳатто энг узоқ қишлоқларида яшаётган хўжаликларни ҳам суюлтирилган газ билан таъминлаш йўлга қўйилган бўлиб, бу ишларнинг сифатини ошириш бўйича ижобий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Қўнғирот тумани ҳам республикамизнинг чекка ҳудудида жойлашган бўлиб, Қозоғистон Республикаси билан чегарадош туман ҳисобланади. Туманда жами 27 мингдан зиёд газ истеъмолчилари бор. Шундан, 26 360 та якка хўжаликнинг 3597 таси кўп қаватли уйларда яшайди.

– Шунингдек, туманда 644 та улгуржи истеъмолчилар бор. Улар асосан маҳсулот ишлаб чиқариш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда, – дейди Қўнғирот тумани газ таъминоти бўлимининг суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Бахит Байниязов.

Туман марказидан узоқда жойлашган аҳоли пунктларида, яъни табиий газ етиб бориши қийин ҳисобланган Адабиёт, Ажиниёз, Кўкдарё, Қипчоқ, Равшан, Суўенли, Устюрт ва Хоразм қишлоқ фуқаролар йиғинларида, жами 2893 хонадон суюлтирилган газга мослаштирилган.

Ушбу суюлтирилган газ истеъмолчиларига туманда жойлашган «Қўнғирот газ тўлдириш» шохобчаси орқали газ баллонлар етказиб берилади. Туман ҳудудидаги ҳар бир суюлтирилган газ истеъмолчиси газ таъминоти ходимларининг эътиборида бўлиб, ҳокимият билан биргаликда тасдиқланган режа-график асосида ўз вақтида тўсиқсиз суюлтирилган газ баллонлари махсус транспортларда мунтазам равишда етказиб берилмоқда. Суюлтирилган газ истеъмолчиларига жорий йил бошидан 84,2 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, амалда 86,6 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.




А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги