“Mercedes-Benz” заводларида “Apollo” роботлари иш бошлади

Германиянинг “Mercedes-Benz” компанияси ишлаб чиқариш қувватларини автоматлаштириш ва рақамли технологиялар йўлида муҳим қадам ташлади. Гап шундаки, “Mercedes-Benz” заводларида “Apptronik” компаниясининг “Apollo” одамсимон роботлари иш бошлади. Улар логистика, қисмларни йиғиш ва ҳатто уларни сифатини текширишда ёрдам беришади.
Илмий ходимлар роботлар автоном ишлай олишлари учун вазифаларни телеметрия ва AR орқали ўргатишмоқда. Робот тахминан тўрт соат ишлаш имконини берувчи батареяга эга. Агар роботларнинг қуввати тугаса, у ўзини энергетик қувватлаш учун махсус ажратилган жойга боради.

Ушбу янгилик автомобилсозлик саноатидаги иш жараёнларини барқарор равишда ўзгартириши мумкин ва ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштиришда муҳим босқич ҳисобланади.
“Apollo” роботи таъсирчан техник хусусиятлари билан ажралиб туради. “Темир одам”нинг бўйи 1,73 метр ва оғирлиги 72 килограмм бўлиб, у ўртача одамнинг ўлчамларига тўғри келади.

– Биз ишчи кучи танқис бўлган бўлимларимизда ушбу техник роботлардан фойдаланишимиз керак, -деди “Mercedes-Benz”нинг бошқарув кенгаши аъзоси Жорж Бурзер. – Албатта, уларни биринчи навбатда такрорланадиган вазифалар учун қўллаш керак, бўлмаса ҳолат хавфли тус олиши мумкин.
Роботларнинг иш бошлаши компанияда ходимларни оммавий ишдан бўшатиш даврига тўғри келди. “BMW” ва “Tesla” каби йирик корпорациялар ҳам ўз заводларида ходимларни роботларга алмаштиришмоқда. Шунингдек, яқинда Хитойда одамсимон роботлар сотувга чиқарилиши маълум бўлди. “Добот атом” деб аталувчи мазкур робот нонушта тайёрлаш, турли ҳажмдаги юкларни ташиш каби мураккаб вазифаларни уддалашга қодир.

Ў.Алимов, ЎзА