Тизимнинг тўлиқ рақамлаштирилиши ўзининг ижобий самарасини бермоқда

366

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилиб, унда бошқарма бошлиғи З.Турдалиев ва соҳа мутахассислари томонидан жорий йилнинг дастлабки чорагида амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида кенг маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар-моддий бойликларнинг божхона назоратини амалга ошириш, контрафакт маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш ва импортни оптималлаштириш бўйича тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш борасида божхона органлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши натижасида, бугунги кунда божхона хизмати ишларининг самарадорлиги ошиб, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилиши, уларга кетадиган вақтнинг қисқаришига, шунингдек, сифат даражасининг ошишига имконият яратмоқда.

Хусусан, божхона қўмитаси томонидан амалиётга жорий этилган 40 дан ортиқ интерактив хизматлар орқали жисмоний ва юридик шахсларга соҳага оид очиқ маълумот ва хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси мисолида олиб қараганимизда, 2025 йил бошидан бери бошқарма томонидан баҳоси 53,2 млн. АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Умумий баҳоси 124,1 млн. АҚШ долларини ташкил этадиган республикамиз ташқи савдо айланмасининг 42,8 фоизи товарлар экспортига тўғри келади.

Республика ҳудудидан асосан полиэтилен, кимё саноати маҳсулотлари, ип-калава, фармацевтика маҳсулотлари, тирик ҳайвонлар, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари, жун, тери, чарм ва улардан тайёрланган буюмлар, тўқимачилик маҳсулотлари, шиша ва ундан тайёрланган буюмлар, табиий қазилмалар, электротехника ва унинг қисмлари, ёғоч ва тахта, улардан тайёрланган маҳсулотлар Туркия, Хитой, Россия, Латвия, Қозоғистон, Афғонистон, Литва каби қатор давлатларга экспорт қилинди.

Технологик асбоб-ускуналар, металл ва улардан тайёрланган буюмлар, кимё саноати маҳсулотлари, электротехника ва унинг эҳтиёт қисмлари, ёғоч ва тахта, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, нефть ва нефть маҳсулотлари каби умумий қиймати 70,9 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулотлар бошқарма томонидан импорт божхона режимига расмийлаштирилди.

Шу билан бирга, жорий йил бошидан бошқарма томонидан божхона ташкилотларининг ўз фискал вазифаларини амалга ошириш доирасида божхона тўловларидан 96 млрд. 344 млн. сўм пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 14 млрд. сўмга ёки 17 фоизга кўпайди.

– Давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали экспорт ҳажмини ошириш ва импортни оптималлаштириш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, божхона органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ташқи иқтисодий алоқа иштирокчиларига жами 102 млрд. 473 млн. сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди,-дейди бошқарма бошлиғи З.Турдалиев.

Яъни, тадбиркорлик субъектларига ташқи иқтисодий фаолиятини амалга ошириши учун берилган имтиёзлар 25 миллиард 196 миллион сўмга ёки 33 фоизга ошди.

2025 йилнинг январь-февраль ойлари давомида хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими томонидан жами 2197 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган. Божхона соҳасига замонавий инновацион дастурларнинг жорий этилиши натижасида Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси орқали божхона назоратига тақдим этилган ва «яшил йўлак»га йўналтирилган 32,5 фоиз товарга нисбатан божхона назорати жараёнлари амалга оширилмади. Бунинг натижасида, ҳалол тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланиб, товарларнинг ўз манзилига тез муддатларда етказилиши таъминланди.

Ҳисобот даврида, божхона соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 116 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 9 млрд. 302 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинди. Шундан, 4 та ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар ҳам тизимли равишда амалга оширилмоқда. Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларида шаффофликни таъминлаш соҳага жорий этилган замонавий ахборот тизимлари фаолияти натижасида инсон омили минималлаштирилиши ҳисобига амалга оширилмоқда.

Хавфни бошқариш тизимининг ютуқларидан ташқари, ходимларни ишга қабул қилиш жараёнларининг ҳам тўлиқ рақамлаштирилганлиги, тест жавобларининг тизим орқали автоматлаштирилган тарзда шу вақтнинг ўзида чиқариб берилиши, барчаси бутун божхона тизимининг рақамлаштирилганидан ва унинг коррупциядан холи тизимга айланишидаги муҳим қадамлардан ҳисобланади.

Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.






А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги