
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги Қошқўра маҳалласида кўпчилик хонадонлар “Сайхунобод тажрибаси” асосида томорқасидаги ерлардан самарали фойдаланиб келмоқда.
Маҳалла омилкорларидан бири Тўрахон Мадаминов томорқасида мева кўчатлари етиштириш билан шуғулланади. Айни пайтда унинг томорқасида бўлсангиз олма, ўрик, шафтоли, гилос, нок, олхўри, узум каби бир қанча турдаги юқори навли мева кўчатлари баҳорги экишга тайёр ҳолда кўрасиз.
– Кўчат етиштириш, бизга отамерос анъана, – дейди Тўрахон Мадаминов. –Кичик пайтимизданоқ отамизнинг ёнида юриб, кўчат етиштириш сирларини ўрганганмиз. Кўчатчилик соҳасида олган билим ва тажрибамизни бугун фарзандларимизга ҳамда маҳалла ёшларига ўргатяпмиз.
Шу кунларда томорқачи тумандаги фермер хўжаликлари ва аҳоли учун мевали дарахт кўчатларини пешма-пеш етказиб бермоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА