Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, “Кегейли МТП” масъулияти чекланган жамиятда ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтида оғир жароҳат олиш оқибатида ногирон бўлиб қолган Кегейли туманида яшовчи Г.Ж.га ҳар ойда тўланиши лозим бўлган компенсация пулларини тўлаб беришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро суди томонидан ушбу даъво ариза қаноатлантирилиб, жабрланувчи Р.Д.нинг фойдасига жавобгар “Кегейли МТП” масъулияти чекланган жамиятдан 14 миллион 205 минг сўм ундириш, шунингдек, ҳар ойда зарар пулларини ундириб бориш мажбуриятини юклаш ҳақида қарор қабул қилинди. Ушбу қарор бўйича бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздор жамиятнинг асосий банк ҳисоб рақамлари, шунингдек, қарздорга тегишли бўлган жами мулкларга банд солинди. Шунинг натижасида, бахтсиз ҳодиса сабабли жароҳат олган фуқарога 14 миллион сўмдан компенсация пули жорий йилнинг 19 март куни тўлаб берилди ва жавобгарга ҳар ойда зарар пулларини тўлаб бориш мажбурияти юклатилди.

***

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг 2025 йил 14 февралдаги ижро ҳужжатига асосан вояга етмаган бир нафар фарзанд жавобгар С.И.дан даъвогар боланинг онаси О.Ф.нинг тарбиясига олиб бериш белгиланди.

Ушбу ижро ҳужжати асосида Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими ходимлари томонидан ижро ҳаракатларига киришилди. Хусусан, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида бўлим давлат ижрочиси, Ички ишлар бўлими профилактик инспектори билан жавобгарнинг яшаш манзилига борди ва жавобгарга суд қарори талабини бажариш лозимлиги, уни бажармаслик оқибати ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Бўлим давлат ижрочисига кўрсатилган қаршиликларга қарамасдан, анча вақт давом этган баҳслардан сўнг жавобгар С.И. болани онаси бағрига қайтариб, суд қарори ижроси амалда таъминланди.

***

Мажбурий ижро бюроси Қўнғирот туман бўлими иш юритувида бўлган суд қарорига асосан қарздор Х.Х.дан фарзандлари таъминоти учун алимент пулларини тўламасдан келган.

Шунинг натижасида, унинг алимент тўловларидан қарздорлиги 33 миллион сўмдан ошиб кетган бўлиб, унинг яшаш манзили ҳақида аниқ маълумот бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан бўлим давлат ижрочиси томонидан 2024 йили 15 августда  қидирув эълон қилинган.

Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари томонидан йиғилган маълумотларга кўра қарздор Х.Х. Тошкент шаҳрида юрганлиги аниқланди. Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирида етти ойдан буён қидирувда бўлган қарздор Тошкент шаҳридаги қурилишларнинг бирида топилди ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар судга юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди томонидан онлайн тарзда ўтказилган суд мажлисида қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири