Вазир: кузатувлар, тавсиялар ва натижалар таҳлили

Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибоев Нукус шаҳридаги спорт иншоотларида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳамда спорт мактабларининг фаолияти билан танишди.
Хусусан, “Тахиатош гузари” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилиш ишлари олиб борилаётган Кураш маҳорат мактабида ҳамда “Темир йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида янгидан қурилаётган Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023йил 25декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган режа асосида Кураш маҳорат мактабида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда 150 ўринли ётоқхона, 24х42 метр ўлчамдаги спорт зал, стадион, ошхона қурилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳоли ўртасида гимнастика спорт турлари оммавийлигини ошириш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш, халқаро талаб ва стандартлар асосида профессионал спортчиларни тайёрлаш орқали миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур қарор асосида Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида замонавий моддий-техник ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказларини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибоев бу ердаги олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди ва соҳа вакилларига йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, вазир Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлди. У ерда мураббий ва спортчилар учун яратилган шароитлар билан танишиб, ҳар бир спорт залларини кўздан кечирди. Мураббий-устозлар ва спортчилар билан суҳбатлашди. Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида янги қурилган спорт зали, ошхона ва ётоқхона биносининг реконструкция ишларини кузатди.
Куннинг иккинчи ярмида республика спортнинг Яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ҳамда унинг базаларида бўлиб, спортчилар ва мураббийлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Спорт мактабида шуғулланувчилар учун янада кенгроқ имкониятлар яратиш бўйича ўз таклифларини берди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Нукус шаҳрида реконструкция ишлари олиб борилаётган “Турон” стадионида ҳам бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири