“Тонг нури” театр жамоаси келгуси босқичга йўлланма олди

Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида умумтаълим мактабларининг 7-10-синф ўқувчилари ўртасида “Турон” мактаб театри республика кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.

Ўқувчилар ўртасида театр санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда мактаблардаги театр студиялари фаолиятини ривожлантириш, ўқувчиларда нотиқлик санъати ва саҳна маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларидаги ўқувчилар театр студиялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, ўқувчилар театр студиялари аъзоларининг эришган ютуқлари ва тажрибаларини оммалаштириш танловнинг асосий мақсади ҳисобланади. Иштирокчилар “Бизнинг мактаб” таништирув, “Маданият ва санъат билимдони” савол-жавоб, “Театр – ибратхона” саҳна томошаси шартлари бўйича ўз истеъдодларини намойиш этди.

– Кўрик-танловнинг бу йилги босқичида Оролбўйидан жами 726 мактабдан жамоа иштирок этиш истагини билдирди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Гулистон Қожабаева. – Шундан ғолиб бўлган 17 та жамоа Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этмоқда.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабининг “Тонг нури” театр жамоаси биринчи, Нукус туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабининг “Театрон” театр жамоаси иккинчи, Қонликўл туманидаги 2-сонли умумтаълим мактабининг “Эстрада” театр жамоаси учинчи ўринларни эгаллади. Биринчи ўринни эгаллаган “Тонг нури”жамоаси танловнинг якуний босқичига йўлланма олди.

Танловнинг ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, фаол иштирок этган театр жамоалари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА