“Дийқан арна” – энг обод маҳалла

116

ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳрида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизнинг асосий ўзаги бўлган маҳаллаларимизни ҳар томонлама ободонлаштириш, хонадонларнинг даромадини ошириш, умуман олганда аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритилди. “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” танловини ўтказишдаги асосий мақсад ҳам ушбу жараёнларга ҳамоҳанглиги қайд этилди.

Жорий йил март ойининг биринчи ярмида танловнинг маҳалла ва туман (шаҳар) босқичи ташкил этилди. Маҳалла босқичида 452 маҳалладан жами 7684 хонадон ва 6975 кўча оқсоқоли қамраб олинган бўлса, иккинчи босқичда 1356 маҳалла раиси, кўча оқсоқоли ва хонадон эгалари иштирок этди.

Иштирокчилар танлов шартлари бўйича ўз ишларини ҳайъат аъзоларига тақдим қилди ва белгиланган савол-жавоблар асосида ўз билимини синовдан ўтказди. Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида эса, аввалги босқичларда ғолиб бўлган жами 51 маҳалла раиси, кўча оқсоқоли ва хонадон эгаси қатнашиш имконига эга бўлди.

Якунда Нукус туманидаги “Дийқан арна” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи, Нукус шаҳридаги “Наўпир” маҳалла фуқаролар йиғини иккинчи ва Элликқалъа туманининг “Пахтачи” маҳалла фуқаролар йиғини учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА