Қозоғистон Республикасининг Манғистаў вилояти Ақтаў шаҳрида жорий йилнинг 22-25 март кунлари оралиғида бўлиб ўтиши режалаштирилган «Made in Uzbekistan» номли савдо ярмаркасида Қорақалпоғистонлик тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этмоқда, – деб хабар бермоқда Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ахборот хизмати.

Энг муҳими тадбирда қишлоқ хўжалиги, саноат, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 30 дан ортиқ қорақалпоғистонлик тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этмоқда.

Тадбир мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини намойиш этиш, аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари ўртасида янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилди.




Тўрт кун давомида ярмаркада республикамизнинг барча ҳудудларидан 60 дан ортиқ корхона маҳсулотлари намойиш этилади. Меҳмонлар озиқ-овқат, тўқимачилик, ҳунармандчилик, чарм, электротехника, қурилиш ва мебель саноатининг юқори сифатли маҳсулотларини харид қилиш имкониятига эга бўлади.

«Made in Uzbekistan» ярмаркаси миллий маҳсулотларни оммалаштириш, рақобатбардошлигини намойиш этиш, қозоғистонлик ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги