Хонадонларга миникултиватор ва бошқа воситалар тарқатилди

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган маҳалла томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида жойларда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хўжайли туманига бириктирилган вакил Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев тумандаги қатор маҳаллаларда бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи ва яшаш шароитларини ўрганди.
Тумандаги оғир ҳудудга кирган Кун нури, Саманкўл, Қумжиққин ва Амударё маҳаллалари аҳолисига яқиндан ёрдамлар кўрсатилиб, бугунги кунга қадар 50 мингдан ортиқ олча кўчатлари тарқатилиб, экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ўрганиш давомида республикадан бириктирилган вакил И.Эргашев ва туман ҳокими Ж.Ермашев томонидан куни кеча туман ҳудудида экин ерларининг сифатини янада яхшилаш мақсадида 13 дона миникултиватор, 1100 донадан бел, кетмон, челак каби иш қуроллари бепул тарқатилди. Бундан ташқари, маҳаллалардаги иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш йўналишида ҳар бир маҳаллага 100 тадан иссиқхоналар қуриш режалаштирилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди ва уларга малакали мутахассислар бириктирилди.




Коллектор-дренаж, ариқ-зовур бўйларида махсус техникалар билан тозалаш ишлари амалга оширилиб, зовурларнинг қирғоқлари ўрдакчилик билан шуғулланиш истагидаги хоҳловчи фуқароларга бўлиб берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги