ХАМАС сиёсий бюроси аъзосининг қазоси тасдиқланди

324

Ғазо жанубига уюштирилган ҳужумда Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати сиёсий бюроси аъзоси Салоҳ Ал-Бардавил ҳалок бўлди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати хабар берган.

– Якшанба куни кечқурун ЦАХАЛ ва Умумий хавфсизлик хизмати сектор жанубида ХАМАСнинг Режалаштириш ва ривожлантириш бўлими раҳбарини йўқ қилди, – дейилган баёнотда.

Аввалроқ “Al Hadath” телеканали марҳум мулозим Исроил Хон-Юнис шаҳри чеккасидаги манзилга берган зарба натижасида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берганди.

Салоҳ Ал-Бардавил Фаластиннинг бир палатали парламенти – Қонунчилик кенгаши аъзоси, Хон-Юнисдаги расмий вакили эди.

18 март куни Исроил армияси Ғазо секторида жанговар ҳаракатни давом эттириб, анклавга кучли зарбалар берди ва шу тариқа январь ойида ўрнатилган сулҳни бузди. Бош вазир Биньямин Нетаньяху идораси бу қарорни ХАМАС воситачилари ва АҚШ Президенти махсус вакили Стивен Уиткофф томонидан музокара чоғида илгари сурилган таклиф рад этилиши билан изоҳлаб, амалиётдан кўзланган мақсад барча гаровга олинганларни озод қилиш эканини таъкидлади.

Ўз навбатида гуруҳ жанг қайта бошланишида Исроил ва АҚШни айблади.