Мақсад – камбағал оилаларга даромад топиш йўналишларини ўргатиш

Жорий йилнинг 11 март санасидан бошлаб Президентимизнинг «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойишига асосан республикамиз бўйлаб «Долзарб бир ойлик» сафарбарлиги эълон қилинган эди.
Мақсад – камбағал оилаларга даромад топиш йўналишларини, уларга томорқадан самарали фойдаланиш орқали йилига бир неча марта ҳосил олиш ва даромадини ошириш йўлларини ўргатиш.
Шунингдек, шу орқали оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишни назарда тутади.
– Қизил-қалъа қишлоқ фуқаролар йиғини асосан деҳқончилик, чорвачиликка ихтисослашган ҳудудлардан ҳисобланади. Қишлоқ фуқаролар йиғинида сўнгги йилларда иссиқхона, боғдорчилик, паррандачилик ҳам кенг ривожланди, – дейди Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими бошлиғи А.Уразова.
Ушбу ҳудудда яшовчи Жаримбетова Гулбозор томорқасидан яхши фойдаланиб келаётган хонадонлардан ҳисобланади. «Долзарб бир ойлик» сафарбарлиги доирасида хонадонида 1 сотих иссиқхона ташкил этган бўлиб, иссиқхонада сабзавот, полиз экинлари кўчатларини етиштириб, кўчатларни ўз томорқа ерларига ва ортган қисмини кам таъминланган хонадонларга тарқатишни режалаштирган. Шу билан бирга, у яшил макон лойиҳаси доирасида 300 туп павлония дарахти кўчатларини, 100 туп мевали дарахтларни эккан.

Туман Ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, «Долзарб бир ойлик» сафарбарлиги доирасида туман ҳокимининг ташаббуси билан янги 20 хонадонга ихчам иссиқхоналар қуриб берилиб, айни пайтда сабзавот, полиз экинлари кўчатлари етиштирилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги