Акром Имомўғли Истанбул мэри лавозимидан четлатилди

Аввалроқ коррупция ва террорни қўллаб-қувватлаш иши бўйича ҳибсга олинган Истанбул муниципалитети бошлиғи Акром Имомўғли ҳамда шаҳар мэриясининг бир неча амалдори тергов давомида вазифасидан бўшатилди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазирлиги маълум қилди, деб ёзган “Тренд”.
Эслатиб ўтамиз, 19 март куни шаҳар Бош прокуратураси етти нафар гумонланувчи, жумладан Мэр, муниципалитет Бош котиби ўринбосари Моҳир Пўлат ва Шишли музофоти раҳбари Расул Эмраҳ Шаҳанни “террор ташкилоти – Курдистон ишчи партияси (КИП)га ёрдам бериш”да айблаб, ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган.
Бош прокуратура баёнотида 2024 йил 31 март куни бўлиб ўтган муниципалитет сайлови доирасида КИПнинг Истанбул каби йирик шаҳарларда таъсирини кучайтириш мақсадида “Шаҳар келишуви” лойиҳаси илгари сурилган қайд этилган.
Ташкилот етакчилари Жамил Байиқ ва Мустафо Қорасу сайлов олдидан тегишли ОАВ орқали фикр ва кўрсатмаларини эълон қилган.
Истанбулдаги сайловда ҳоким Акром Имомўғли “шаҳар консенсуси” тамойили асосида КИПга соябон ташкилот – Халқлар демократик конгресси (ХДК) билан иттифоқ тузгани ҳақида далиллар мавжуд, дейилмоқда. Шу муносабат билан Истанбул ва бошқа йирик шаҳарларда ХДК аъзоларига қарши бир вақтнинг ўзида амалиёт ўтказилиб, қўлга олинганлар билан боғлиқ тергов давом эттирилмоқда.
Маълумотларга кўра, тергов давомида Республика Халқ партияси (РХП) рўйхати бўйича сайланган шаҳар кенгаши аъзолари ва тайинланган ҳокимларнинг бир қисми террор ташкилотларига алоқадорлиги аниқлангани таъкидланган.