«Яшил макон» кўлами кенгаймоқда

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси ва талаба-ёшлари мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва шу орқали аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга йўналтирилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини давом эттирмоқда,-деб хабар бермоқда институт матбуот котиби И.Матеков.
Жорий йилнинг 23 март куни институтнинг фаол талабалари иштирокида пойтахтимиздаги Шодли овул маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ажратилган ер майдонида кўчат экишга тайёргарлик ишлари олиб борилди.
Бу ерда ёшлар устозлари раҳбарлигида бегона ўтлар ва чиқиндилардан тозалаш ишларини амалга оширди.




– Жорий йил баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида институтимиз томонидан пойтахтимиз Нукус шаҳри ва унинг атрофида «яшил белбоғ» яратиш мақсадида 11 минг туп турли мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Албатта, бу орқали яшил ҳудудларни кенгайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, глобал иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини камайтириш, шунингдек, аҳолининг, шу жумладан, ёшларимизнинг экологик масъулиятини ошириш – бизнинг асосий мақсадимиз,-дейди институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори вазифасини вақтинча бажарувчи Қ.Реймов.
Бундай чора-тадбирлар табиатни муҳофаза қилишнинг самарали усулини вужудга келтириш билан бирга, келажак авлодларга тоза ва соғлом муҳитни қолдиришга замин яратади.
Институтда акция доирасидаги ободонлаштириш тадбирлари давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги