Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қораўзак тумани Кенгаши раиси, 7-«Шайхонакўприк» сайлов округидан туман Кенгаши депутати Р.Қармисованинг ташаббуси билан ҳудуд фуқароларига «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан тиббий кўрик ташкил этилди.
Фонднинг тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ҳудуддаги боқувчисини йўқотган кексалар, нуроний отахон ва онахонлар, туғиш ёшидаги аёллар, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларга Бердақ овул фуқаролар йиғинидаги қишлоқ врачлик пунктида бепул тиббий хизматлар ва мурувват ёрдамини кўрсатди.
Бир кун давомида туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари да иштирок этиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикда соғлиғига боғлиқ зарур дори-дармонлар, кўзойнаклар ва санитария-гигиена воситалари тарқатилди.
-Бундан ташқари 12 нафар вояга етмаган, 3 нафар ногиронлиги бўлган ёшларга кийим-кечак ва бошқа совғалар топширилди,-дейди депутат Райхан Қармисова.-Шунингдек, 2006 йилда туғилган боланинг ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари топширилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси