
20 март куни Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия кенгашининг Коста-Наваринода (Греция) давом этаётган 144-сессияси доирасидаги йиғилишда бокс спорт тури сифатида 2028 йили Лос-Анжелесда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилгани эълон қилинди.
Маълумки, бундан икки кун муқаддам ХОҚ Ижроия кенгаши 144-сессияси иш бошлаган илк кунда ташкил этилган матбуот анжуманида Халқаро Олимпия қўмитасининг амалдаги раҳбари Томас Бах боксни «Лос-Анжелес-2028» Олимпия ўйинлари дастурига киритиш овозга қўйилишини айтиб ўтганди.
Бугун ўтказилган сессия йиғилишида иштирок этган 100 нафардан зиёд делегатлар боксни Лос-Анжелес Олимпиадаси дастуридан жой олишини ёқлаб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси қарорига биноан Лос-Анжелес Олимпиадасидаги бокс баҳслари World Boxing ташкилоти томонидан ўтказилиши белгиланган.
Т.Рўзиев, ЎзА