Яхши ниятлар билан сумалак тайёрланди

Янгиланиш, яшариш айёми – Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Тадбир «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» шиори остида байрамга бағишланган сумалак сайли билан бошланди.
Унда иштирокчилар чўян қозон атрофига тўпланиб, улуснинг улуғ куни Наврўз байрамида халқимизга тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатлик тилаб, яхши ниятлар билан сумалак таомини таёрлашди.
Сумалак сайлида Педагогик маҳорат маркази директори Венера Бекмуратова бошчилигида марказ жамоаси ва тингловчилар иштирок этиб, байрам иштирокчиларининг қувончига шерик бўлди ва ўзларининг эзгу тилакларини билдирди.
Байрам тадбирида сўзга чиққанлар йил боши ҳисобланган Наврўз билан барчани самимий табриклаб, жорий йил халқимиз учун яхши ва баракали йил бўлиб келишини тилади.
Умумхалқ сайлига айланган Наврўз байрамида тингловчилар томонидан миллий таомлар ва буюмлар кўргазмаси, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одат ва анъаналаримиз намойиш этилди.


Ўзларининг энг яхши санъатларини намойиш этган кафедралар ва тингловчилар Педагогик маҳорат маркази жамоаси томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Байрам тадбирида халқимизнинг миллий спорт турларидан ҳисобланган тош кўтариш, арқон тортиш мусобақалари ўтказилиб, ғолиб бўлган спортчилар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Наврўз сайли қизиқарли концерт дастури билан кўтаринки руҳда давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги