Туман раҳбарлари тадбиркорлар фаолияти билан танишди

356

Тахиатош туманида маҳаллаларда тадбиркорлик билан шуғулланаётган тадбиркорлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокими К.Айтбаев, тегишли соҳа раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари иштирок этиб маҳаллаларда паррандачилик, асаларичилик, гулчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг фаолияти, ҳунармандчилик буюмлари билан танишиб, улар билан яқиндан суҳбатлашди.

Тадбир давомида мутасаддилар «Найман агро теплица» иссиқхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, унда ишловчи ишчилар билан суҳбатлашди.







Тумандаги «Найманкўл» ҚФЙ ҳудудида жойлашган «Найман агро теплица» МЧЖ томонидан 2028 йили 3,8 миллион АҚШ доллари ҳисобидан инвестиция киритиб, Жанубий Корея технологияси асосида ташкил этилган иссиқхонада 60 га яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган.

Ташкил этилган 8,5 гектар ер майдонидаги иссиқхонага помидор экилиб, бугунги кунда ички бозорга ва Россия давлати билан қўшни Қозоғистон республикасига экспортни йўлга қўйган.

Кейинги манзил «Найманкўл» ҚФЙ ҳудудидаги Шарип Алламбергеновнинг иссиқхонаси бўлди. У уй ёнидаги томорқасида турли полиз маҳсулотлари кўчатларини етиштириб, маҳаллий бозорларга чиқариб сотиб, оиласига қўшимча даромад топмоқда. Шу билан бирга оила аъзолари пиллачилик билан ҳам шуғулланади.

– Мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилган. Фақатгина ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, меҳнат қилиш керак. Мана биз оила аъзоларимиз билан биргаликда қиш кунлари бўш ўтирмасдан уй ёнидаги иссиқхонамизга кўчатларни кўкартириб, уни етиштириб, бозорга чиқариб сотиб, қўшимча даромад топиб ўтирибмиз. «Ҳаракатга – баракат,» деганларидек даромадимиз яхши, – дейди Ш.Алламбергенов.

Тадбир давомида тадбиркорлар фаолиятини янада ривожлантириш, фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имкониятлар яратиб бериш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги