Коррупцияга қарши курашиш ҳолати ўрганмоқда

191

Республика идоралараро ишчи гуруҳ шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл ва Беруний туманларида криминоген вазият, турли соҳаларда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, идора ва ташкилотлар фаолияти очиқлигининг таъминланганлик ҳолатини ўрганмоқда.

Ўрганишларда соғлиқни сақлаш, бандлик ҳамда банк тизимларида коррупциявий омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ишчи гуруҳ томонидан мазкур туманлардаги  соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳолати ўрганилиб, уларда бепул ва пуллик тиббий хизматларни кўрсатиш, тиббий жиҳозлар ва дори воситалари билан таъминлаш, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция хавфларини бартараф этиш чоралари кўриб чиқилмоқда.

Мазкур тиббиёт муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ишлари самарали йўлга қўйилмаганлиги, тиббиёт ходимлари ва аҳолида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда камчиликлар мавжудлиги танқид қилинди.

Ишчи гуруҳ идора ва ташкилотларда ишга қабул қилишда очиқлик ва шаффофлик тамойилларига риоя этиш, аҳолига банк хизматларини кўрсатишда коррупция ва бюрократиянинг олдини олиш ва самарали тизим яратиш чораларининг йўлга қўйилганлиги билан танишмоқда. Шунингдек, маҳаллалардаги мавжуд муаммолар ва коррупциявий омилларни аниқлаш, уларга барҳам бериш учун янги замонавий тизим бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида туман маҳаллаларида “Маҳалла еттилиги” билан мулоқотлар ўтказмоқда.

Ўрганишларда юқоридаги соҳа ва тизимларда коррупциянинг олдини олиш бўйича йўл қўйилаётган бир қатор камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш, тамагирлик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш юзасидан масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири